Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан ўтган йилда қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича 954 мониторинг ташрифи амалга оширилди
Мониторинг ташрифлари давомида маҳкум ва маҳбуслар билан 5 минг 487 марта якка тартибда суҳбатлар ва 11 мингдан ортиқ шахс билан жамоавий учрашувлар ўтказилди.
Ҳар бир мурожаат Омбудсман назоратига олиниши билан бирга, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриб борилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида шу каби рақамлар келтирилди.
Айтиб ўтиш керакки, Омбудсман ўз фаолиятига оид маърузани Олий Мажлисга киритишдан олдин дастлабки тарзда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида мана шундай тарзда муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Феруза Эшматова институт фаолиятига тўхталар экан, мазкур тузилма инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга ҳар томонлама эътибор қаратаётгани боис, Омбудсманга мурожаатлар кўпайиб бораётганини таъкидлади.
[gallery-27161]
Ўтган йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 26 минг 372 мурожаат келиб тушди.
Ушбу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 12,6 фоизга кўпайган. Аҳамиятлиси, замонавий ахборот технологиялари воситалари, яъни виртуал қабулхона, ишонч телефони ҳамда мобил илова орқали келиб тушган мурожаатлар сони 125 фоизга ошган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш якунларига кўра, Омбудсман кўмагида фуқаролар манфаатида 10,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилишига эришилди. Шундан, 2,3 миллиард сўм иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид тўловлар, 3,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар фуқароларга бузилган уй-жойи учун тўлаб берилган компенсацияни ташкил этди.
– 2025 йил Омбудсманга иқтисодий ҳуқуқлар бўйича 7 минг 584 мурожаат келиб тушди, – деди Омбудсман мурожаатлар билан ишлаш бўлими бош маслаҳатчиси Фарҳод Субонов. – Мурожаатларнинг аксарияти мулк ҳуқуқининг бузилиши билан боғлиқ бўлиб, уларни ўрганиш ва тегишли чоралар кўрилиши натижасида етказилган зарарлар ундирилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер ва бошқа мулкини олиб қўйиш ҳолатлари бартараф этилди. 6 нафар шахснинг мулкига ғайриқонуний қўйилган тақиқлар ечилишига эришилди.
Йиғилишда иштирокчилар Омбудсманнинг мурожаатлар билан ишлаш, қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш, мониторинг ва ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва омммавий ахборот воситалари билан ишлаш йўналишидаги фаолияти билан таништирилди.
Омбудсман ўз фаолиятида доимо жамоатчилик – фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Жамиятда мавжуд бўлган масалалар ва уларга ечим топиш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида мажлис кун тартибига қўйилган масала юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА