English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман: қийноқларга йўл қўйилмаслиги учун 348 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди
12:14 / 2023-08-11

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га муҳим вазифа топширилди. Шундан келиб чиқиб, Омбудсман қийноқларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари тизимини йўлга қўйди.

Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари аъзолари Наманган вилоятидаги 6-сонли жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди. Мониторингда маҳаллий ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институти вакиллари, жумладан, “Ҳуқуқий таянч”, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти”, “Гуманитар ҳуқуқий марказ”, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотлари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Швеция ташкилоти “Марказий Осиё уюшмаси” жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Ҳунарманд” уюшмаси Наманган вилояти бошқармаси вакиллари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича юристлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Омбудсман Феруза Эшматова бошчилигида ўтказилган аввалги мониторингларда ушбу муассасада маҳкумларнинг овқатланиш ва ювиниш хоналаридаги шароитларни яхшилаш, ногиронлиги бўлган шахсларга қўшимча шароитлар яратиш бўйича тавсиялар берилган. Шунингдек, ўтган йили ўтказилган мониторинг ташрифлари доирасида маҳкумлар орасида аноним сўровнома ўтказилиб, сўровнома натижалари юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган. Бу галги ташрифда айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Ташриф давомида колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди.  

Мониторингда Омбудсман томонидан берилган тавсиялар инобатга олингани, ошхона ва ювиниш хоналари қайта таъмирлангани ва ногиронлиги бўлган шахслар учун барча кириш жойларига пандуслар ўрнатилгани аниқланди. Чунки ҳозирги кунда муассасада 25 нафарга яқин ногиронлиги бўлган маҳкум сақланмоқда. Улар учун муассаса кутубхонасига брайль алифбосидаги китоблар ҳам келтирилган. Маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Новвойхонада ишлаётган маҳкум ушбу муассасага келиб, новвойчилик касбини яхшилаб ўзлаштиргани ва ўз бизнес режасини ишлаб чиққани, озодликка чиққач тадбиркорлик билан шуғулланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, новвойчилик орқасидан ҳар ойда у 900 минг сўм маош олади. Мониторингдан сўнг  

Омбудсман якка тарзда мурожаат қолдиришни истаган маҳкумлар учун сайёр қабул ўтказди. Маҳкумлар мурожаатларининг аксарияти суд-тергов жараёнлари билан боғлиқ. Даволаниш борасида ёрдам сўраган маҳкумлар мурожаатлари жойида ҳал этилди. Омбудсман ахборот хизмати маълумотига кўра, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш мақсадида 2023 йил биринчи ярмида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 348 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 156 тани ташкил этган. Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритиб борилмоқда.  

Омбудсман томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.  

 

Н.Абдураимова, ЎзА