Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман Президентга, парламентга ва ҳукуматга махсус маърузалар тақдим этиши мумкин
12:16 / 2024-10-23

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун янгиланган Конституцияга мос равишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни тўлақонли таъминлаш ва кучайтиришни назарда тутувчи бир қатор ўзгаришларни ўз ичига олган.

Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган мазкур қонунда Омбудсманнинг Президентга, парламентга ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши белгиланган.

Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи жорий этилмоқда.

Омбудсман ва унинг ўринбосари ваколатлари, дахлсизлигининг қўшимча кафолатлари ҳам жорий этилиб, уларга юклатилган вазифаларнинг муаммосиз ва самарали бажарилиши қонунда мустаҳкамланмоқда.

Қонунда сайланиш куни ўттиз ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Омбудсман лавозимига сайланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида ўрнатиладиган “Омбудсман қутиси” тушунчаси қонунга киритилиб, унга озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг мурожаат қилишининг ҳуқуқий механизми белгиланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун Омбудсман институтининг мустақил миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириб, Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштиради. Шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатлари кенгайишига ва ҳудудий вакилликлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА