Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман: мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 12 жиноят иши қўзғатилди
14:52 / 2024-04-08

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га мурожаат қилаётган фуқаролар манфаатларини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Омбудсман ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2023 йилда Омбудсман томонидан мурожаатлар асосида фуқаролар манфаати йўлида ундирилган ҳамда ундирилиши белгиланган маблағ 2 миллиард 150 миллион сўмни ташкил этган. 38 нафар фуқаро ишга тикланган, 23 нафар фуқаро иш билан таъминланган.

Омбудсманга келган мурожаатларга асосан давлат меҳнат инспекциялари томонидан судларга 11 даъво аризаси киритилган. 10 нафар фуқаронинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 12 жиноят иши қўзғатилган бўлса, бир ҳолатда жиноят иши қайта малакаланган. 57 ҳолатда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар прокурорлар томонидан бекор қилинган. 5 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 29 нафар ходимга интизомий жазо қўлланган ва 17 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Жорий йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда. Омбудсманга Бухоро вилоятидан фуқаро K.Й. ўзгалар ёрдамига муҳтож шахс сифатида Ягона миллий ижтимоий ҳимоя реестрига киритилмагани бўйича шикоят қилди.

Мурожаат назоратга олиниб, ҳолат Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Ўрганиш жараёнида 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган мурожаатчи Қ.Й.нинг ёлғиз ўзи яшаши ва парваришига муҳтож эканлиги маълум бўлди.

Мурожаатчининг ҳуқуқларини тиклаш бўйича Когон шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилинди. Натижада фуқаро K.Й. тегишли қарорга асосан ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи шахс сифатида реестрга киритилди ва унга ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича ходим бириктирилди. У мурожаатчидан ҳар ҳафта келиб хабар олади. Бундан ташқари, фуқаро K.Й. ҳар йили бир маротаба график асосида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.  

Маълумот учун: давлатмиз раҳбарининг 2023 йил 27 декабрдаги «Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестрининг юритилиши белгиланган.

Омбудсманга Тошкент шаҳридан фуқаро И.Г. ишдан ноқонуний равишда бўшатилгани бўйича мурожаат қилган. Мурожаатчининг ёзишича, у «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида муҳандис-технолог лавозимида ишлаб келган. Мазкур ташкилотда штат ўзгариши муносабати билан мурожаатчи 2 ойдан сўнг ишдан бўшатилиш ҳақида огоҳлантириш хати олган. Аммо ходимнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқори бўлганлиги инобатга олинмай, у билан тузилган меҳнат шартномаси 2024 йилнинг 3 январь куни бекор қилинган.

Унинг аризасида олий маълумотлилиги, 5 йилдан буён ушбу жамиятда ишлагани ва боқувчиси йўқ ёлғиз она экани ҳам қайд этилган.

Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, Тошкент шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасига фуқаронинг меҳнат ҳуқуқларининг тикланиши бўйича мурожаат қилинди.

Натижада мурожаатчи И.Г. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятга оператор лавозимига ишга қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Меҳнат кодексининг 167-моддасига мувофиқ, технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгаришига, ишлар ҳажмининг қисқаришига боғлиқ ҳолда ташкилот, якка тартибдаги тадбиркор ходимларининг сони ўзгарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдиришга доир имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилиши керак.

Омбудсманга фуқаро У.Н. иш берувчи томонидан ойлик маошларининг тўланмагани бўйича шикоят қилди. Унинг ёзишича, у «Зангиота ободон» масъулияти чекланган жамиятининг Чирчиқ филиалида 2 йилдан буён ишлаб келган ва ўтган йилнинг ноябрь ойида ойлик маошларининг вақтида берилмаслиги сабабли ишдан бўшаган. Лекин мурожаатчининг 2023 йилнинг сентябрь, октябрь ва ноябрь ойлари учун иш ҳақи ҳамда ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаган. Фуқаронинг иш берувчига ушбу масала бўйича қайта-қайта қилган мурожаатлари эътиборга олинмаган.

Мурожаат Омбудсман назоратига олинди ва Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасига фуқаронинг меҳнат ҳуқуқларининг тикланиши бўйича мурожаат қилинди. Натижада мурожаатчига 8 миллион сўм миқдоридаги 3 ойлик иш ҳақи ҳамда ишдан бўшатиш нафақаси тўлиқ тўлаб берилди.  

Маълумот учун: Меҳнат кодексининг 172-моддасига мувофиқ, Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан охиригача олинмаган иш ҳақи ва ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсациялар ҳисоб-китоб қилиниши керак.

Омбудсман Феруза Эшматова ўтказган фуқаролар қабулида эса 30 нафарга яқин фуқаро судларда вакилнинг кузатувчи сифатидаги иштирокини таъминлаш, пенсия, ижтимоий ёрдам, хусусий мулк дахлсизлиги, суд-ҳуқуқ, тергов жараёнларига оид мурожаатлар қолдирган. Айни пайтда мазкур мурожаатлар қонун доирасида кўриб чиқилмоқда.  

Эслатиб ўтамиз, фуқаролар Омбудсманга ombudsman.uz сайти орқали электрон ҳамда тўғридан-тўғри мурожаат қилиши, ҳудудлардаги минтақавий вакилларга ҳам ўз шикоятларини юбориши мумкин.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА