Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман мониторинг ташрифларидан сўнг ўндан ортиқ масъул шахс жазоланган
11:17 / 2022-03-18

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари шундай муассасаларда қонунбузарлик, айниқса қийноқларга йўл қўйилмаслигига қаратилган муҳим амалий ҳаракатдир.

 Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари томонидан икки йилдан бери мониторинг ташрифлари мунтазам амалга оширилмоқда. 

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда 2021 йилда 177 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган. 

Мониторинг давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган жойларда ушлаб турилган ва сақланаётган 4,5 мингга яқин шахс билан жамоавий ва 758 нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. 

Бу рақамлар Сенат ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилди.  

Омбудсман Феруза Эшматова 2021 йилда маҳкум ва маҳбуслар, ва уларнинг яқин қариндошлари ҳамда ҳимоячилари томонидан 6 минг 104 мурожаат келиб тушганини таъкидлади.  

Мониторинг ташрифлари якунлари юзасидан муаммо ва таклифлардан иборат 16 таҳлилий маълумотнома, 2 та таҳлилий ахборот ҳамда 1 та тақдимнома тайёрланди.  

Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан тақдим этилган маълумотномаларга кўра, мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликларга йўл қўйган 3 нафар ходим интизомий жазога тортилди. Бир нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 3 нафар ходим Интизомий кенгашларда муҳокама қилиниб, яна бир ходим огоҳлантирилган.  

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан камчиликларга йўл қўйган 4 нафар ходим интизомий жазоланган ҳамда аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектининг 2 нафар масъул ходими эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланган. 

Мониторинг натижаларига кўра, киритилган таклифлар асосида Олий суд томонидан Миллий гвардия, Ички ишлар ва Қурилиш вазирликлари билан ҳамкорликда “Суд биноларини қуриш учун идоравий қурилиш нормалари” ишлаб чиқилди. 

Шу билан бирга, 2021 йил 13 декабрда Олий суд раёсатининг қарори ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан 2021 йил 20 ноябрда “Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкумларни ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларни озиқ-овқат, ашёвий мол-мулк, совун ва ювиш воситалари билан таъминлаш меъёрларини қўллаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги 445-сонли буйруғи қабул қилинди.   

Шунингдек, ИИВ маълумотига асосан улар томонидан “Маҳкум ва маҳбусларга даволаш профилактика ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг 28 январь куни Администрацияга киритилган. 

Ялпи мажлисда Омбудсманнинг ҳисоботи сенаторлар томонидан маъқулланди.

Н.Абдураимова, ЎзА