Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Омбудсман мактаби” самара бермоқда
19:38 / 2025-08-08

Сўнги йилларда мамлакатимизда халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатланмоқда, ҳар бир фуқаро ва оиланинг фаровонлиги ошиб, қонун устуворлиги таъминланмоқда.

Айниқса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) шунчаки тузилма эмас, балки амалий ишларни рўёбга чиқараётган, аҳоли, хусусан, маҳкумлар дардини айтадиган шаффоф тизимга айланмоқда. Омбудсман илгари фақат марказда фаолият юритган бўлса, бугун барча ҳудудларда ташкилотнинг минтақавий вакиллари фаолият юритмоқда.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани маданият марказида “Ўзбекистоннинг кучли ижтимоий сиёсатида аҳолини қўллаб-қувватлаш” мавзусида ташкил этилган “Омбудсман мактаби” йиғилиши ҳам мазкур йўналишдаги амалий ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш маркази томонидан уюштирилган меҳнат ярмаркаси билан бошланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) ўринбосари Бекзод Нариманов, Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов олиб борган тадбирда аҳолини юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги туб ўзгаришлар мазмун-моҳияти, шу жумладан, “Омбудсман мактаби”нинг аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Анжуманда Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Давлат кадастрлар палатаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг Наманган вилоятидаги ҳудудий бошқармалари мутасаддилари томонидан аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамларни кўрсатиш тизимини ташкил этиш ва унинг самарасини ошириш йўллари, “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунининг аҳамияти ва зарурияти, фуқароларга пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация каби тўловларни тайинлаш тартиблари ҳақида тушунчалар берилди.

Шунингдек, Омбудсман ҳамда тегишли давлат идоралари масъул вакиллари иштирокида фуқаролар учун сайёр қабули бўлди. Унда аҳолининг ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа долзарб масалаларга доир йигирмадан ортиқ мурожаатлари тингланиб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.

– Омбудсман тадбирлари давомида ўзимиз учун кўпгина фойдали маълумотлар ҳамда ҳуқуқий тушунчаларга эга бўлдик, – дейди Тўрақўрғон тумани Поросмон маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Дилафрўз Ортиқова. – Фурсатдан фойдаланиб, қабулда набирамни яшаш ҳудудимиздан туман марказидаги умумтаълим мактабига қабул қилиш билан боғлиқ мурожаатга тўлақонли жавоб қайтаришганидан мамнунман.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талаблари асосида, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари томонидан қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида Наманган вилоятининг Поп ва Уйчи туманларидаги жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Жумладан, республика Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги иккинчи минтақавий ҳудуд 6-сон тергов ҳибсхонасида махсус контингент аъзоларига яратилган шарт-шароитлар яқиндан ўрганилди. Вазирликнинг жазони ижро этиш департаменти иккинчи минтақавий ҳудуд раҳбари, полковник Обиджон Шерқўзиев, ҳибсхона раҳбари, подполковник Акмал Тўйчибоев ҳамроҳлигида олиб борилган ўрганиш давомида маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, истиқомат жойлари, санитария-гигиена хоналари кўздан кечирилиб, тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, тергов ҳибсхонасида уч қаватли, 200-ўринга мўлжалланган тартибот биносини мукаммал таъмирлаш ишлари танишилди.

Омбудсман ташаббуси билан ўтказиб келинаётган бундай тарғибот ва мониторинг тадбирлари қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан аҳоли хабардорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширилишида кўмаклашиш ҳамда инсон қадрини улуғлашда эътиборга моликдир.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.