Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан Бухоро туманида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида “Галаосиё”, “Наврўз”, “Мустақиллик”, “Ойбек” ва “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси вакиллари иштирокида навбатдаги ўқув ўтказилди.
Маърузачилар Юртбошимиз ташаббуси билан бошланган демократик ислоҳотларни қатъий давом эттиришни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон–2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун- моҳияти, жумладан, биринчи навбатда аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, аҳоли учун қулай экологик шароитни яратиш, шу жумладан, сув ресурсларини тежаш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий йўналишлари эканлиги йиғилиш қатнашчиларига тушунтирилди.

Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили А.Хусейнова минтақавий вакил фаолиятини амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлиги масалаларида бир қатор таклифларни билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил 11 апрелда имзолаган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида, шунингдек, Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, аҳолини манзилли ижтимоий муҳофаза қилишни такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш ҳамда профилактик тадбирларни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда келгусида “Омбудсман мактаби” доирасида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича таклифлар ҳам олинди.
Бухоро тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Ҳалимжон Сафаров, Бухоро вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Анвар Ҳамроев ва бошқа масъуллар тадбирда ўз маърузалари билан қатнашди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.