Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Омбудсман мактаби”: фуқаролар билан очиқ мулоқот
22:26 / 2024-03-27

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, омбудсманнинг устувор вазифаларидан бири сифатида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун- моҳияти билан аҳолини таништириш, шу орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, омбудсманга  юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини тақозо этмоқда. Шу боис 2022 йилдан  республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар бўйича аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ҳамда давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбир Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги “Малик” МФЙ  11-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилди. Тадбирда тумандаги  Интилиш, Илғор, Оқ йўл, Зиёкор, Наврўз, Элобод, Қуёш, Заршунос, Бешбулоқ, Матонат ва Исломобод  маҳаллалари аҳолиси қамраб олинди.

Фуқаролар билан ўтказилган очиқ мулоқотда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) жамоаси билан бирга маҳаллий Кенгашлардан депутатлар, вилоят ҳокимлигининг Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси, Бюджетдан ташқари пенсия  жамғармасидан вакиллар иштирок этди.

[gallery-16633]

Фуқаролар билан бўлган очиқ мулоқотда омбудсман  вакиллари ушбу ҳудуддан юборилаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга алоҳида эътибор  қаратди. Жумладан, аҳоли томонидан ижтимоий ёрдам олиш, субсидия ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Куннинг иккинчи ярмида  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) жамоаси  Касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Гулистон давлат университети вакиллари билан ҳамкорликда Сирдарё туманида жойлашган “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар учун интернат уйига ташриф буюрди. Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад  яқинларининг ширин дийдорига муҳтож юртдошларимиз юзига табассум  улашиш, уларнинг доим давлат  ҳимояси ва эътиборида эканликларини  ҳис қилишига ҳисса қўшиш ва уларга яратилган шароитларни ўрганишдир.  

Вакиллар томонидан Сирдарё  “Мурувват” интернат уйида яшовчи ногиронлиги бўлган аёллар ва болаларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ва бошқа шароитлари ўрганилди. Шунингдек, кутубхона, тикув, тўқиш ва бисер хонаси, спорт заллари ҳам кўздан кечирилди.

Жорий йилнинг февраль ойида “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар  интернат уйи янги бинода иш бошлаганди. 270 ўринга мўлжалланган муассасада  аёллар ва мустақил ҳаракатлана олмайдиган болаларга барча шарт-шароитлар яратилган.  

Шунингдек, омбудсман жамоаси томонидан “Мурувват” интернат уйи тарбияланувчиларига  бадиий китоблар ва турли совғалар топширилди.

Шуҳрат Суяров, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари