Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Омбудсман мактаби” аҳолининг ҳуқуқий билимларини бойитмоқда
18:52 / 2025-08-27

Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ва рағбатлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида аҳоли вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Гулнорахон Абдувоҳидова, Ойбек Юлдашев қатнашган тадбирда тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман Кенгаши депутатлари, хотин-қизлар фаоллари, мутасадди ташкилотлар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда мамлакатимизда кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан барча соҳалар қатори жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, хусусан, инсон омилига эътибор, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги қайд этилди. Ушбу масалалар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларига айланганлиги, “Инсон– жамият– давлат” тамойили асосида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

Дастлаб Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова сўз олиб, Омбудсман ва унинг вилоятлардаги вакиллари томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, “Омбудсман мактаби” лойиҳасининг самаралари хусусида гапирди. 

[gallery-24994]

–Жорий йилнинг ўтган даврида Андижон вилоятидан омбудсман ва унинг вилоятдаги вакилига мингга яқин мурожаатлар келиб тушди, – дейди Феруза Эшматова. – Мурожаатларнинг асосий қисми – 60 фоизини ижтимоий-ҳуқуқий эркинликлар ҳамда иқтисодий масалаларга оид мурожаатлар ташкил этди. Ҳар бир мурожаат белгиланган тартиблар асосида ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди, аксарияти ҳал этилди, маълум қисмига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. 

Мулоқотда Андижон вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили, капитан Сарварбек Усмоновнинг “Кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарлик: шахсга доир маълумотларни, банк пластик карталаридан пулларни ўзлаштириш, ҳисоб рақамларга киберхужум уюштиришга оид ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш”, Миграция агентлиги Андижон ҳудудий филиали бошлиғи ўринбосари Шавкатбек Абдулазизхўжаевнинг “Хорижий давлатларда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш, меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва фуқароларни хорижга ташкиллаштирилган ҳолда юбориш”, Булоқбоши тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Ҳусниддин Мўминовнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 августдаги “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва аҳамияти” мавзулардаги маърузалари тингланди. 

Маърузачилар маърузалар юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш ва янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

Булоқбоши туманидаги “Қақир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комилжон Дўсматовнинг ишсизлик нафақаси тайинлаш тартиблари тўғрисидаги саволига мутахассислар батафсил жавоб қайтарди. Шунингдек, Гулистон маҳалласи хотин-қизлар фаоли Эркиной Ҳожимуҳаммедованинг хотин-қизлар фаоллари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда маҳалла раислари иш ҳақини ошириш борасидаги таклифлари омбудсман ва Олий Мажлис депутатлари томонидан Олий Мажлиснинг тегишли қўмиталарга етказилиши қайд этилди. 

Мунозара, савол-жавоб асосида ўтган ушбу мулоқот аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимларини янада бойитишга, жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик билан яшаш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари