Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг жазони ижро этиш муассасаларига доимий мониторинг ташрифларини амалга ошираётгани, қолаверса, ҳар бир муассасада “Омбудсман қутилари” мавжудлиги тузилмага мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирди.
Маҳкумлар томонидан Омбудсманга мурожаат йўллаш сони ҳам кўпайди. Улар турли масалаларда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан кўмак олмоқда.
Омбудсман томонидан 27-сонли Манзил-колонияга мониторинг ташрифи амалга оширилганда маҳкумлар меҳнат ҳуқуқларининг бузилаётгани бўйича шикоят қилган эди.
Шундан сўнг маҳкумлар шартнома асосида меҳнатга жалб этилган учта масъулияти чекланган жамиятининг меҳнат ва яшаш шароитлари ўрганилди. Ўрганишлар давомида ушбу корхоналардаги шароитлар белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди. Шунингдек, юз нафардан ортиқ маҳкумнинг ойлик маошлари тўлаб берилмагани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат Омбудсман назоратига олиниб, аниқланган салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига тақдимнома киритилди.
Мазкур тақдимнома кўриб чиқилиши натижасида маҳкумларга иккита масъулияти чекланган жамиятдан жами 186 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақлари ундириб берилди.
Шунингдек, масъулияти чекланган жамиятнинг биттасида маҳкумларнинг яшаш шароитларида аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Қолганлари билан тузилган шартномалар 27-сон Манзил-колония томонидан бекор қилинди.
Омбудсман ахборот хизматига кўра, маҳкумларнинг иш ҳақларини ундириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. 27 - сонли Манзил-колония томонидан 25 нафар маҳкумнинг иш ҳақини ундириш бўйича судга яна даъво ариза киритилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА