Омбудсман ҳузуридаги Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ билан биргаликда мунтазам равишда жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларга инсон ҳуқуқларининг таъминланиши мониторинг ташрифлари амалга ошириб келинмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, навбатдаги мониторинг Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 21-сонли жазони ижро этиш муассасасига уюштирилди.
1 минг 600 ўринга эга бўлган республикада ягона аёллар жазони ижро этиш муассасасида ҳозирда 500 нафардан ортиқ маҳкумалар сақланмоқда. Уларнинг 3 нафари вояга етмаганлардир.
Омбудсман бошчилигидаги Эксперт гуруҳи аъзолари дастлаб маҳкума аёллар ётоқхонасини кўздан кечирди. Ётоқхоналарда маҳкумалар учун яратилган шарт-шароитлар талаб даражасида, улар билан суҳбат давомида ҳам ҳеч бир маҳкума муассаса шароити ёки ходимлар муомаласидан шикоят қилмади. Ойлик маошлари миқдори ҳақида сўралганида 400-700 минг сўмгача буюртмага қараб иш ҳақи олишларини, касал ва ёши катта маҳкумалар ишга жалб қилинмаслигини, касб-ҳунарга ўргатилган аёлларга сертификатлар берилишини қайд этди.
– Келганимда ҳеч қандай ҳунарим йўқ эди,–деди маҳкума Сайёра.
– Муассасада тикувчиликни ўргандим. Энди тикув машинасини тузатишни ҳам биламан. Электрик касбини ўзлаштирдим. Озодликка чиқсам бемалол ҳалол йўл билан фарзандларимни боқа оламан.
Эксперт гуруҳи аъзоси Аъзамжон Фармонов маҳкумалардан инсонпарварлик далолатномаларини қўлланилиши ҳолати ҳақида сўраганида шу йил қоидабузарлиги ечилмаган 27 нафар маҳкумага нисбатан ҳам истисно тариқасида инсонпарварлик далолатномалари қўлланилганлигини билдирди.
Муассасада 2 та болалар уйи ташкил этилган бўлиб, у ерда 21 нафар оналар 3 ёшгача бўлган фарзанди билан 24 соат давомида бирга бўлиши учун шароитлар яратилган. Болали маҳкумалар мажбурий ишга жалб қилинмайди.
Лекин ихтиёрий равишда ишлаш истагини билдирганлар фарзандларини тарбиячи ёки ҳамшираларга қолдириши мумкин. Она ва болалар кроватлари ёнма-ён жойлаштирилган бўлиб, бола парвариши учун зарур бўладиган барча кийим-кечак, озиқ-овқат, витамин ва дори-дармон воситалари билан таъминланган.
Муассасада сақланаётган она-болалар саломатлиги учун 20 та тарбиячи ва ҳамширалар бириктирилган. Узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган маҳкумаларнинг фарзандлари 3 ёшдан кейин яқин қариндошлари ёки маҳкуманинг розилигига асосан болалар уйига топширилади.
Муассасада ўрнатилган тартибга кўра, маҳкумалар ва уларнинг яқинлари узоқ ва қисқа муддатда учрашишлари мумкин. Учрашувлар муддати маҳкумаларни кўришга келганларнинг қариндошлик даражасига қараб белгиланади. Маҳкумалар ҳар 2 ойда бир марта яқинлари билан кўришиш имкониятига эга.
Омбудсман бошчилигидаги Эксперт гуруҳи аъзолари маҳкумаларнинг асосий вақти ўтадиган ишлаб чиқариш ҳудудини ҳам кўздан кечирди
Мониторинг ташрифи давомида тиббий бўлим, кутубхона, ошхона ва янги қурилган тикувчилик цехи ва фуқаролар қабулхонасидаги шарт-шароитлар ҳам ўрганилди. Объектларни ўрганиш давомида тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари камлиги сабабли муассасадаги 8 та шифокор ўрни вакант экани, ошхоналардаги идиш-товоқлар алмаштирилиши кераклиги аниқланди.
Муассаса ҳудудида замон талабларига жавоб берадиган ва қулайликларга эга бўлган янги тикув цехи қурилмоқда.
Мониторинг ташрифи давомида Омбудсман ва Эксперт гуруҳи билан учрашиб, шикоят қолдириш истагини билдирган 20 дан ортиқ маҳкума билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, мурожаатлар қабул қилинди ҳамда тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари 300 га яқин маҳкумалар билан оммавий тарзда қабуллар ўтказилди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли муассаса раҳбарига зарурий тавсиялар берилди.
Омбудсман ҳамда унинг ҳузурида жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан жазони ўташ муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида мониторинглар тизимли давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА