Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман: маҳкум ва маҳбусларнинг мурожаатлари ҳал этилмоқда
10:44 / 2025-12-17

Омбудсман ва унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан амалга оширилган мониторинг ташрифлари ҳамда “Омбудсман қути”лари орқали маҳкум ва маҳбуслар, уланинг яқинлари, ҳимоячилари мазкур институтга тўғридан-тўғри мурожаат қилмоқда.

Жиззах вилоятидаги 29-манзил-колонияда оғир аҳволдаги маҳкум М.Б.га шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳақида мурожаат келиб тушган.  

Маълум бўлишича, колония ходимлари кузатувида маҳкум икки кун давомида юқори ҳарорат ва иситма билан бир нечта тиббиёт муассасаларига олиб борилган бўлса-да, бирида тўлов ёки йўлланма талаб қилинган, иккинчиси эса “ўпка шифокори йўқ” деган сабаб билан қабул қилмаган. Маҳкум “чап ўпка абцесси, икки томонлама пастки бўлак пневмонияси” ташхиси билан оғир аҳволда бўлган.

Ҳолат Омбудсман назоратига олиниб, Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили томонидан маҳкум зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига олиб борилган.  

Бемор зарур таҳлиллардан ўтказилиб, стационар даволанишга ётқизилган. Даво муолажаларини олиб, колонияга қайтгандан сўнг ҳам керакли дори воситалар колония маъмурияти томонидан олиб берилган.

Маълумот учун айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунининг 30-моддасига кўра, фуқаролар соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар қандай даволаш-профилактика муассасасида шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Ички ишлар вазирининг 2019 йил 23 мартдаги 67-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг тиббий-санитария таъминоти бўйича қоидаларга биноан манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга жазони ижро этиш муассасаси жойлашган ҳудуддаги давлат соғлиқни сақлаш тизимининг барча даволаш-профилактика муассасалари томонидан тиббий ёрдам кўрсатилиши, маҳкумларга малакали ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш ҳудудий давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларида амалга оширилиши, тиббий кўрсатмаларга кўра, стационар шароитда даволанишга муҳтож беморлар ҳудудий давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларига ўрнатилган тартибда олиб чиқилиши қайд этилган.

Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган Ю.Ю.нинг ҳимоячиси унинг соғлиғи оғир аҳволда эканлиги, жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун 23-сонли маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхонага этап қилинишида ёрдам сўраган. Омбудсман талабномасидан кейин  маҳбус Ю.Ю.нинг соғлигини назорат қилиш учун тиббиёт ходими билан махсус тиббий автомобилда этап қилинган.  

Наманган вилоятидаги 6-тергов ҳибсхонасида сақланаётган, 5 ойлик ҳомиласи бор аёл З.М. Омбудсман минтақавий вакилига тиббий ёрдамга муҳтожлиги бўйича мурожаат қилди. Мурожаат бўйича гинеколог шифокор чақиртилиб, аёлнинг тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланган.  

Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан 40-манзил-колонияда фойдали меҳнатга жалб этилган маҳкумлар билан сайёр қабул ўтказилганда, икки нафар маҳкум соғлиғидан шикоят қилган. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан бири шифохонага ётқизилган.  

Н.Абдураимова, ЎзА