Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман институтига “А” мақоми берилиши мумкин
11:46 / 2024-02-16

Миллий инсон ҳуқуқлари институтлари Глобал альянси (GANHRI) томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)ни Париж принципларига мувофиқлиги бўйича қайта аккредитациядан ўтказиш ва “А” мақомини бериш билан боғлиқ масалалар онлайн шаклда муҳокама этилди.

Унда Омбудсман ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва Марказий Осиё учун Истанбул минтақавий маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси, Миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг глобал альянси (APF), Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси экспертлари иштирок этди.  

Маълумки, 2020 йилда Глобал альянс томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) аккредитациядан ўтказилиб, унга “В” мақоми берилган.  

Мулоқотда Омбудсман Феруза Эшматова 2020 йилда GANHRIнинг тегишли қўмитаси томонидан берилган тавсиялар бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда 2021-2023 йилларда Омбудсман фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги ислоҳотларга тўхталиб ўтди.  

Онлайн мулоқотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бошқармасининг (OHCHR ROCA) минтақавий вакили Матилда Богнер Ўзбекистонда олиб борилган ислоҳотлар натижасида Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари фаолиятининг йўлга қўйилганини қайд этди.  

Мурожаатлар билан ишлаш, қийноқларнинг олдини олиш ва очиқликни таъминлаш борасида эришган ютуқлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг кучайтирилгани, конституциявий ислоҳотлар жараёнида Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг берилгани ва унинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланаётганини ижобий баҳолади. Шунингдек, Омбудсманнинг 2025 йилда аккредитациядан ўтказилиши нуқтайи назаридан унинг “А” мақомини олиш борасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқишни таклиф қилди.  

Йиғилишда сўз олган Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг миллий инсон ҳуқуқлари институтлари сектори раҳбарининг ўринбосари, Глобал альянснинг аккредитация бўйича қўмитаси котиби Синита Редерт ҳам Омбудсман институтининг мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишидаги иштирокининг мустаҳкамлангани ва уни давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганига эътибор қаратди.  

Миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг глобал альянси (APF) директори Кирен Фицпатрик ва Ҳуқуқий ва сиёсий бошқарувчи Филип Уордл, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва Марказий Осиё учун Истанбул минтақавий маркази мутахассиси Айнура Беккоенова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бошқармаси Ўзбекистон офисида Павло Бялик ҳам сўз олиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

Мазкур учрашув Oмбудсман ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги молиявий кўмагида амалга оширилаётган БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.  

Н.Абдураимова, ЎзА