Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман институти – фуқаро ҳуқуқларининг ишончли кафолати
12:40 / 2025-12-02

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Айниқса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг фаолияти бу борада муҳим ўрин тутади ҳамда жамиятда инсонпарварлик ва адолат тамойилларини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизда демократик, ҳуқуқий давлат қуришнинг мустаҳкам асосини яратди. 2023 йил 30 апрелда ўтказилган умумхалқ референдуми асосида Конституция янги таҳрирда қабул қилиниб, инсон ҳуқуқларига оид нормалар салмоғи 3,5 баробарга оширилди. Бош қомусимизнинг қарийб 50 фоизи инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бағишланди.

Янги таҳрирда қонунлардаги ноаниқликларни инсон фойдасига ҳал этиш, “сукут сақлаш ҳуқуқи”ни белгилаш, адвокатлар мақомини терговчи ва прокурор мақомига тенглаштириш каби муҳим механизмлар жорий этилди. Бу ўзгаришлар давлатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қатъий позициясини яққол намоён этади.

Шу билан бирга, Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти сифатида белгилаб қўйилди. Қонуний таъсир чораларининг мутаносиб ва мақсадга мувофиқ бўлишига доир принципларнинг мустаҳкамланиши эса кафолатларни янада кучайтирди.

Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ, сайлов ҳуқуқига эга бўлган юз мингдан кам бўлмаган фуқаролар, Олий Мажлис Сенати ва Марказий сайлов комиссияси билан бир қаторда Омбудсман ҳам қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлди. Бу ваколат институт зиммасига янада катта масъулият юклайди.

2021 йил 26 июнда қабул қилинган Президент фармонларига биноан қийноқларни олдини олиш, мониторинг ташрифлари ўтказиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар ҳақидаги мурожаатларни адолатли кўриб чиқиш вазифалари белгилаб берилди. Шунингдек, Қонун билан Омбудсманнинг ҳудудий вакиллари ўз фаолияти давомида Омбудсманга ҳисобдорлиги шунингдек ҳудудий Кенгашларга ҳудудда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисида Омбудсман билан келишилган ҳолда ҳар йили маъруза тақдим қилиши ҳамда давлат органларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга.

2024 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги янги қонун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштирди. Қонунга мувофиқ, Омбудсман инсон ҳуқуқларига оид давлат сиёсатида иштирок этади, парламент назоратини амалга оширади, мурожаатларни кўриб чиқади, амалдаги қонунчиликка риоя этилишини ўрганади ва уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан Омбудсман институти фаолиятининг такомиллашуви, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.  

Шуҳрат Алимов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг  Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили.  

ЎзА