Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман инсон ҳуқуқлари таъминланишига кўмаклашишда давом этмоқда
12:43 / 2022-03-16

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва жамоатчилик гуруҳи томонидан миллий превентив механизм доирасида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоятидаги 7-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Аниқланишича, ушбу муассасада жами 453 нафар маҳбус сақланиб, уларнинг 15 нафарини аёллар ташкил этади. Ҳибсхонада аёллар сақланадиган камералар алоҳида ажратилган бўлиб, улар аёл ходимлар томонидан қўриқланади. 

Мониторинг ташрифида тергов ҳибсхонасидаги маҳбусларнинг яшаш тарзи, овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам олиш шароитлари ва санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳолати ўрганилди. 

Дастлаб муассасада маҳбусларнинг оила аъзолари билан қисқа ва узоқ муддатли учрашув, телефон сўзлашув учун мўлжалланган хоналар кўздан кечирилди. 

Мониторинг доирасида ўтказилган жамоавий учрашувлардан сўнг бир қанча маҳбуслар илтимосига кўра улар Омбудсман томонидан шахсан қабул қилинди. 

Қабул давомида қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартириш, судда Омбудсман ходимлари иштирокини таъминлаш ҳамда маҳбус ва маҳкумларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича ёрдам сўралди. 

Тергов ҳаракатларини ўтказиш учун мўлжалланган хоналарни кўздан кечириш жараёнида бу тоифадаги хоналар видеокузатув воситалари билан жиҳозлангани ва адвокатлар исталган вақтда адвокатлик сўровномаси билан тергов жараёнларида тасвирга олинган видеоматериалларни талаб қилиб олиши мумкинлиги айтилди. 

Мониторинг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Омбудсман томонидан тавсиялар берилди. 

Омбудсман инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кучайтириш мақсадида ҳудудларда минтақавий вакилликлари фаолиятини ҳам йўлга қўйди.  

Минтақавий вакиллар ҳам ҳуқуқлари бузилган фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиб, уларни ҳал этиш бўйича иш олиб бормоқда. 

Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакилига Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Ш. мурожаат қилиб, Қарши шаҳар “Сувтаъминоти” масъулияти чекланган жамиятнинг ишчиси бўлганлигини ва  асоссиз ишдан бўшатилганини маълум қилиб, ёрдам сўраган. 

Мурожаат назоратга олиниб, Қарши шаҳар “Сувтаъминоти” масъулияти чекланган жамияти раҳбарига фуқаро Н.Ш. меҳнат қонунчилигига зид равишда ишдан бўшатилгани ва унинг ҳуқуқлари бузилгани тушунтирилди. Натижада фуқаро Н.Ш. қайта ўз лавозимига тикланган.  

Минтақавий вакилга Деҳқонобод тумани Оқрабод қишлоғида яшовчи фуқаро Қ.Т. Қашқадарё вилояти Транспорт бошқармаси устидан шикоят қилиб, ушбу бошқармадан 2021 йил август ойи учун рағбатлантириш тўловларини ололмаганини билдирган.  

Маълум бўлишича, фуқаро Қ.Т.га Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2021 йил август ойида ишлаган 10 иш куни ҳисобидан ойлик мукофот, озиқ-овқат ва йўлкира харажатлари учун жами 666,3 минг сўм миқдоридаги пул маблағи тўлаб берилмаган. 

Вакилнинг кўмагида фуқарога ушбу миқдордаги маблағ тўлаб берилган. Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари таъминланишига қаратилган амалий ишлари давом этмоқда. 


Н.Абдураимова,  ЎзА