Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га бухоролик фуқаро Ф.Файзиев иш ҳақи ва бошқа тўловларни ундириш ҳамда бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклашга ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Аниқланишича, Ф.Файзиев “Бухоро футбол клуби” масъулияти чекланган жамиятида 1990 – 2013 йилларда турли лавозимларда ишлаган.
2013 йилда футбол клуби банкрот, деб топилган. Клуб раҳбарияти томонидан мазкур жамият ўрнига “Бухоро профессионал футбол клуби” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган.
Барча клуб ходимлари ва футболчилар тўлиқ янги ташкил қилинган клубга ишга ўтказилган. Бироқ, клуб фуқаро Ф.Файзиев олдида иш хақи ва мукофот пулларидан 33 миллион 808 минг 533 сўм ҳамда хизмат сафари харажатларидан 30 миллион 52 минг 322 сўм, жами 63 миллион 860 минг 855 сўм қарздор бўлиб қолган.
Ф.Файзиев “Бухоро профессионал футбол клуби” масъулияти чекланган жамиятида 2016 - 2018 йилларда ҳам лицензиялаш менежери лавозимида ишлаган. Ушбу даврда ҳам 23 ой учун жами 43 миллион 278 минг 870 сўм ойлик маоши тўланмаган.
Ф.Файзиев бир неча маротаба Ўзбекистон футбол федерацияси ҳузуридаги махсус комиссияга ёзма равишда мурожаат қилган. Махсус комиссия унинг аризаси юзасидан тегишли кўрсатма бериб келган бўлсада, “Бухоро профессионал футбол клуби” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти Файзулло Файзиев олдидаги қарзларини тўламай, фақат кафолат хати бериш билан чекланган.
Мурожаатчи ўз аризасида иш вақтидан ташқари ҳам ишлагани сабабли соғлиғи ёмонлашганини маълум қилган. Ҳатто иш вақтида оёқлари ўзига бўйсунмай қолиб, у оғир аҳволда тиббиёт бирлашмасига олиб кетилган. Шифокорлар унга “инсульт” ташхиси қўйган.
Омбудсман барча ҳужжатларни ўрганиб чиқди ва 2 - гуруҳ ногирони бўлган Ф.Файзиев манфаатида тўланмаган иш ҳақи, хизмат сафари харажатлари, мукофот пуллари, унга етказилган маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво ариза киритди.
Омбудсман ахборот хизматидан маълум қилишларича, суд Омбудсманнинг даъво аризасини қисман қаноатлантирди.
“Бухоро профессионал футбол клуби” масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар Ф.Файзиев фойдасига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун жами 91 миллион 278 минг 870 сўм ҳамда маънавий зарар учун 10 миллион сўм ундириш бўйича қарор чиқарди.
Вилоят аппеляция суди ажрими билан ундириладиган жами сумма миқдори 104 миллион сўмга оширилди. Ҳозирда мурожаатчига 104 миллион сўм ундириб берилган.
Н.Абдураимова, ЎзА