Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га фуқаро О.Ю. томонидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро 2019 йилдан бошлаб фарзандлари таъминоти учун алимент тўлаб келган. 2025 йил 5 февралда кичик фарзанди 18 ёшга тўлгани боис унинг алимент тўлаш мажбурияти тўхтаган.
Барча қарзлар тўлиқ қопланган бўлишига қарамасдан, Мажбурий ижро бюросининг Иштихон тумани бўлими томонидан унга нисбатан қўйилган Ўзбекистон Республикасидан четга чиқишга қўйилган тақиқ бекор қилинмаган. Фуқаро ушбу тақиқни олиб ташлаш мақсадида бир неча маротаба мурожаат қилган бўлишига қарамай, натижа бўлмаган.
Конституциянинг 32-моддасига мувофиқ, ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга. Бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эга.
Мазкур мурожаат Омбудсманнинг минтақавий вакили томонидан ўрганилиши натижасида фуқаронинг ушбу конституциявий ҳуқуқи тикланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА