Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман: фуқароликка оид масала ижобий ечим топди
17:03 / 2024-09-15

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га Қирғизистонда туғилган, ҳозирда Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи Х.М. мурожаат қилди.

Мурожаатда бу аёл узоқ йиллардан бери фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаётгани ва муайян ҳуқуқлардан фойдалана олмаётганини билдириб, Ўзбекистон фуқаролигини олишда амалий ёрдам сўраган.

Аниқланишича, мурожаатчи анча йил олдин Ўзбекистон ҳудудига кўчиб келган. 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси фуқаросига турмушга чиқиб, қонуний никоҳдан ўтган.

Мазкур мурожаат Омбудсман томонидан кўриб чиқилиб, ишга оид барча ҳужжатлар ўрганилди.

“Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳда бўлган ва никоҳ тузилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмуш ўртоғи билан биргаликда узлуксиз уч йил давомида яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик берилиши мумкин.

Ушбу меъёрга асосланиб, мурожаатчининг никоҳ тузилганидан кейин узлуксиз уч йилдан зиёд Ўзбекистон ҳудудида яшаганини ҳисобга олиб, ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига тегишли қонунчиликка асосан мазкур масалани ўрганиб чиқиш учун тақдим этилди.

Мазкур бошқарма ҳужжатларни ўрганиб, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссиясига юборган.

Кейинчалик мурожаат муаллифининг хабар беришича, унга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилган.

Н. Абдураимова, ЎзА