Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман: фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан мансабдор шахсларга 43 таъсир чораси кўрилди
14:57 / 2025-05-26

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан жорий йил биринчи чорагида қандай ишлар амалга оширилди?

Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова шу ҳақда маълумот берди: 

– Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 6 минг 42 мурожаат келиб тушди. Шундан 742 таси ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячи (адвокат)ларидан юборилган.

Мурожаатлар таҳлили ҳудудлар кесимида кўриб чиқилганда, энг кўпи Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрига, энг ками Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келди. 

Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат ташкилотлари ёки мансабдор шахсларга 43 таъсир чораси шаклидаги ҳужжатлар киритилди.

Фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундиришга ҳамда ундириш белгиланишига кўмаклашилган жами маблағлар 1 миллиард 407,2 миллион сўмни ташкил этди. 

Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида 205 миллион 800 минг сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар фойдасига ундирилишига кўмаклашилди. 

Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари томонидан Омбудсманнинг фуқаролар манфаатларида йўллаган мурожаатлари бўйича сўровига асосан судларга иккита даъво аризаси киритилди. Иш берувчиларнинг ходимга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари бартараф этилди. Уч нафар фуқарога кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишида ёрдам берилди.

Омбудсман сўровига асосан хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 145 миллион сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланди. 

Мурожаатчиларга мутасадди ташкилотлар томонидан 32 миллион 360 минг сўмга яқин моддий ёрдам, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун субсидия ва бошқа турдаги молиявий ёрдам ажратилишига кўмаклашилди. 

Фуқароларнинг 6,8 миллион сўмдан ортиқ нореал қарздорлиги  бартараф этилиши таъминланди. 5 нафар фуқаронинг ижтимоий турар жой ажратилиши, боқувчисини йўқотганлик учун нафақа тайинланиши ҳамда уй-жойидаги газ таъминотини тиклаш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал этилди. 

Бир нафар жабрланувчи ҳимоя ордери билан таъминланди ва бир нафар фуқарога тайинланган 2,5 миллион сўмлик жарима бекор қилинди. 5 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронликни белгилаш ва ижтимоий ёрдам олиш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал қилинди. 3 нафар фуқаро “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилишига кўмаклашилди.

8 нафар фуқарога тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун йўлланма берилиши, фуқароларнинг даволанишлари учун 54,9 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилишида кўмаклашилди. Шунингдек, 2 нафар фуқаро иш билан таъминланди ва 6 нафар фуқаро ишга тикланди.

Жамоавий мурожаатлар ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилиши натижасида Олтинсой тумани “Ҳақобод” маҳалла фуқаролар йиғинида электр трансформаторлар алмаштириб берилди ҳамда Деҳқонобод тумани “Пахтачи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан автойўл (магистрал)да пиёдалар учун ўтиш йўлаги бунёд этилди. 

Омбудсман тақдимномасига кўра, меҳнат қонунчилигини бузгани сабабли 3 нафар масъулга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилди. Бир нафар масъулга Жиноят кодексининг 116 ва 117-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. 

Омбудсман сўровига мувофиқ, 7 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди, бир нафар фуқарога Жиноят кодекси 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

Экологик ҳуқуқ бўйича келиб тушган мурожаатларни ўрганиш давомида Фарғона шаҳри Фаробий кўчасида кўп қаватли турар жой қурилиши, Риштон туманидаги хусусий қурилиш ишлари шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид бўлганлиги учун тўхтатилди.

Шунингдек, 5 та шикоят юзасидан тегишли прокуратура идоралари томонидан хизмат текшируви ўтказиш бўйича тақдимнома киритилди.

Омбудсман томонидан маҳкумларга тайинланган жазони енгиллаштириш масаласида тегишли судларга юборган хатлар асосида 25 нафар маҳкумга жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини енгилроғига алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилди. 

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шахсларнинг оила аъзоларига 22,5 миллион сўмдан моддий ёрдам пуллари ажратилишига кўмаклашилди.

Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 202 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди

Мониторинг ташрифларида 2 мингдан ортиқ маҳкум (маҳбус) билан жамоавий ҳамда 1 минг 123 нафар маҳкум (маҳбус) билан холи тарзда суҳбатлар ўтказилди.

Мониторинг жараёнида аниқланган салбий ҳолатлар юзасидан Омбудсман томонидан мутасадди вазирлик ва идораларга 3  талабнома ва 5 тақдимнома киритилди.

Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ташаббуси билан маҳкум ва маҳбуслар мурожаатлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё, Наманган, Андижон ва Тошкент вилоятларида ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда тор доирадаги олий тоифали шифокорлар жалб қилиниб, 2 минг нафарга яқин маҳкум ва маҳбуслар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Н.Абдураимова,

ЎзА