Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман: фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун мансабдор шахсларга 133 таъсир чораси кўрилди
14:34 / 2025-11-30

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га тушаётган мурожаатлар қандай ҳал этилмоқда?

Бу саволга Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова жавоб берди: 

– Жорий йилнинг 9 ойида фуқаролар, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 15 минг 385  мурожаат келиб тушди. 

Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат ташкилотлари ёки мансабдор шахсларга 133 даъво ариза, тақдимнома, талабнома, огоҳлантириш ва хулоса  шаклидаги таъсир чоралари киритилди ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундиришга ҳамда ундириш белгиланишига кўмаклашилган  маблағлар 9 миллиард 327 миллион сўмдан ортиқни ташкил этди. Шундан, 2,1 миллиард сўмдан ортиғи фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оиддир.

Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида 2 миллиард 623 миллион сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар фойдасига ундирилишига кўмаклашилди.

25 нафар фуқаронинг ишга тиклаш ва ишга жойлаштириш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал қилинди. 11 ҳолатда иш берувчининг ходимга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари бартараф этилди. Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари томонидан Омбудсманнинг фуқаролар манфаатларида йўллаган сўровига асосан судларга салкам 20 даъво ариза киритилди.

Омбудсман сўровига асосан, хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 577 миллион сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилди. Алимент тўлашдан бош тортган 3 нафар ҳуқуқбузарга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжи  учун олиб қўйилиши муносабати билан компенсация тариқасида тўланиши лозим бўлган 3,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағнинг фуқаролар фойдасига ундирилишида ёрдамлашилди. 3 нафар фуқаронинг ер участкаларига қўйилган тақиқлари ечилди.

Фуқароларнинг салкам 56 миллион сўмлик нореал қарздорликларининг бартараф этилиши таъминланди. 80 нафарга яқин фуқаронинг ижтимоий ҳимояга оид мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

Мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра, инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган 33 нафар масъул ходим ҳайфсан, жарима, лавозимидан озод этиш каби интизомий ва маъмурий жавобгарликка  тортилган. 3 ҳолатда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида ички ишлар бўлимлари томонидан қабул қилинган қарорлар прокуратура органлари томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш учун юборилди.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячи (адвокат)ларидан Омбудсманга 2 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди.

Шикоятларнинг 37 таси юзасидан ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан хизмат текширувлари тайинланган, шунингдек ички ишлар идораларининг 5 нафар ходими интизомий жазоланди ва бир нафари ишдан бўшатилди.

Мурожаатларнинг 12 таси юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар, Омбудсманнинг мурожаат хатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланди.

Маҳкум ва маҳбусларнинг оила аъзоларига 34 миллион сўмга яқин моддий ёрдам пули ажратилишига кўмаклашилди.

Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 728 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. 7 мингдан ортиқ маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ҳамда 4 минг 381 нафари билан ҳоли тарзда суҳбат ўтказилди.

Мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан идора ва вазирликларга 15  тақдимнома, 1 хулоса ва 13 талабнома шаклидаги таъсир чоралари киритилди. 

Натижада 5 нафар соғлиқни сақлаш ва 12 нафар ички ишлар ходимига интизомий жазо қўлланилди.

Омбудсман томонидан киритилган таъсир чорасидан сўнг Бухородаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйини таъмирлаш учун 176 миллион сўм ажратилди.

Шахсларни сақлашнинг санитария-гигиена қоидалари талабларига зид бўлган Тошкент вилоятидаги Чиноз, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари фаолияти Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан тугатилди.

Омбудсман тақдимномасидан сўнг Кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонаси учун 1,67 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. 

Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда ўтказилган ўрганишлар натижасида парламент ва тегишли давлат ташкилотларига 23 таҳлилий маълумот киритилди.

Н.Абдураимова, ЎзА