Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман Бухорода мониторинг ишларини олиб борди
11:55 / 2025-11-29

Омбудсман бошчилигида унинг ҳузуридаги Қийноқларни олдини олиш бўйича МПМ доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан Бухородаги қатор пенитенсиар муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ишлари дастлаб, Когон туманида жойлашган 1-сон Жазони ижро этиш колониясида амалга оширилди. 1700 маҳкумга мўлжалланган мазкур колонияда тиббиёт пунктининг кичиклиги сабаб, маҳкумларни тиббий хизматдан фойдаланишида қийинчиликлар кузатилган.

Омбудсман сўровига асосан, ушбу муассасада 24 ўринга мўлжалланган, кенгайтирилган тиббиёт пунктини ташкил этиш учун маблағ ажратилди ва бугун мазкур тиббиёт пунктининг очилиши бўлиб ўтди.

Ташриф давомида маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнат қилиш шароитлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналар ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Ушбу муассасада сақланаётган маҳкумлар Омбудсманнинг шахсий қабулини сўраб мурожаат қилган эди. Шу сабабли мониторинг доирасида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди. Шунингдек, “Омбудсман қути”сига ташланган мурожаатлар ўрганиш учун ҳам олинди.

Кейинги манзил вилоятдаги ИИБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонаси бўлди. Қайд этиш лозим, Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакили томонидан Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши сессиясида ушбу Махсус қабулхонада белгиланган сиғимдан анча кўп шахслар сақланаётгани муносабати билан қўшимча бино қурилишига эҳтиёж борлиги бўйича таклиф берилган эди. Ушбу таклиф инобатга олиниб, бино учун маблағ ажратилган  ва ҳозирда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, Омбудсман Девони ходимлари томонидан Реабилитация маркази, 17-сон жазони ижро этиш колонияси, Бухоро шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиали, мастлик ҳолатидаги шахслар сақланадиган пункт, Руҳий асаб касалликлари клиникаси, 4-сон тергов ҳибсхонаси, Аёллар мурувват уйи ва Бухоро вилояти вақтинча сақлаш ҳибсхонасида шароитлар ўрганилган.

Мониторинг ташрифларида муассасалардаги ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сақлаш жойлари, кутубхона, спорт зал, тўгараклар хонаси, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тинтув хонаси, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шароитлар ҳамда муассасаларга ўрнатилган ҳудудлардаги видеoкузатув камералари ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.

Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.

Зариф Комилов, ЎзА