Уйида табиий газ чақнашидан жабрланган бу аёл ёрдам сўраб Омбудсманга мурожаат қилди...
Фуқаролар ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)га мурожаат қилмоқда.
Мурожаатлар кўпайгани ҳисобга олиниб, Омбудсманнинг ҳудудларда минтақавий вакиллари фаолияти йўлга қўйилган.
Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакилига фуқаролар қабули давомида Андижон вилояти Балиқчи туманида яшовчи фуқаро “Аёллар дафтари”га киритилган бўлишига қарамай, унга ёрдам кўрсатилмаётгани бўйича мурожаат қилган.
Аниқланишича, мурожаатчи аёл З.С.нинг хонадонида шу йилнинг январь ойида табиий газдан чақнаш юз берган. Оқибатда унинг юз ва тана қисми 45 фоиз куйган. 2-гуруҳ ногирони бўлган ушбу фуқаронинг операция йўли билан даволаниши учун у “Аёллар дафтари”га киритилган. Бироқ, унга ёрдам берилмаган.
Мурожаат минтақавий вакил назоратига олиниб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилинди. Натижада мурожаатчи З.С.га жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 30 миллион сўмга яқин маблағ ажратилди.
Шунингдек, Омбудсманнинг Андижондаги минтақавий вакилига Балиқчи туманида яшовчи, жазо муддатини ўтаб озодликка чиққан ва ҳозирда пробация ҳисобида турувчи фуқаро Ж.Р. шахсини тасдиқловчи ҳужжатини йўқотгани ва маблағи йўқлиги сабабли янги паспорт ололмаётгани бўйича мурожаат қилди.
Икки нафар вояга етмаган фарзанди бор ушбу фуқаронинг озодликка чиққанидан сўнг унинг жамиятга мослашиши, ишга жойлашишига кўмаклашиш мақсадида ҳомийлар ёрдамида мурожаатчининг фуқаролик паспорти тўловига ёрдам кўрсатилди. Шахсини тасдиқловчи ҳужжатни расмийлаштирган фуқаро минтақавий вакил ёрдамида ишга ҳам жойлаштирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА