Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман аралашуви билан Мурувват уйидаги аёлларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат берилади
17:39 / 2023-07-03

Фуқаролик паспорти бу – Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат саналади. Юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро миллати, ижтимоий аҳволи ва лаёқатлилигидан қатъий назар мазкур ҳужжатга эга бўлиш ҳуқуқига эга.

Аммо, Бухоро Мурувват ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида қарийб 35 йилдан буён яшаб келаётган айрим опа-сингилларимизнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқлиги сабаб мурувват уйи раҳбарияти Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсманга ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.  

Олти ойлик ўрганишлардан сўнг ҳайит байрами арафасида мазкур аёлларнинг фуқаролик паспорти олиши билан боғлик суд иши бошланди.  

Мурувват уйида 1995 йилдан буён яшаб келаётган 5 нафар ногиронлиги бўлган аёлларнинг на туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва на шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бор. Ўша пайтлари тиббий варақа орқали Мурувват уйига қабул қилинган аёлларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат олиш масаласи бир неча маротаба кўтарилган. Бироқ охиригача етказилмаган.  

– Ҳозирги пайтда бу фуқароларни шахсини тасдиқлашнинг ягона йўли фақатгина суднинг қарори орқали амалга оширилади, – дейди Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсманнинг Бухоро вилояти бўйича минтақавий вакили, сенатор Абира Ҳусейнова.

6 ойлик ўрганишлардан сўнг, ФҲДЁ органлари ушбу аёлларнинг туғилганлик фактини белгилаш учун ҳужжатлар етарли бўлмаганлиги сабаб шахсни тасдиқловчи ҳужжат бериш масаласини кўриб чиқишни рад этди. Шундан сўнг, ногиронлиги сабаб уларнинг лаёқатсизлиги ҳисобга олиниб фуқароликни белгилашни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига ариза киритилди. Ҳайит байрами арафасида ногирон опа- сингилларимизга фуқаролик паспорти бериш масаласи Мурувват уйининг уйида сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.  

– Биз албатта судни ижобий қарор чиқаришига умид қиляпмиз, – дейди Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсманнинг Бухоро вилояти бўйича минтақавий вакили, сенатор Абира Ҳусейнова. – Суд қарорини қабул қилгандан кейин Ички ишлар бошқармасига мурожаат қиламиз.  

Муборак кунларда яна бир хайрли ишга қўл урилди. Тақдир тақозоси билан шундоқ ҳам кўнгли ярим онахонларнинг ҳеч бўлмаганда шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлади энди.

Маълумот учун, Бухоро Мурувват ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида 305 нафар I-II гуруҳ ногиронлиги бўлган аёллар яшайди. Муассасада барча шароитлар яратилган. Яшовчилар шифокорлар ва кичик тиббий ходимлар назоратида. Бундан ташқари аёллар бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида турли (тўқиш, тикиш-бичиш, пазандачилик, арт терапия, соч турмаклаш каби) тўгараклар, даволаш гимнастикаси, шахмат шашка, стол тенниси, турли тренажёрларда жадвал асосида мунтазам машғулотлар олиб борилади. Шу билан бир қаторда ҳар ҳафта Олий таълим муассасалари, қўғирчоқ театри, ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда турли бадиий кечалар, давра суҳбатлари, ва юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилади.  

[gallery-12568]

Даврий равишда яшовчи аёллардан ҳол сўраш, уларнинг эзгу интилишлари билан танишиш, иқтидорларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими жамоаси, вилоят Маданият бошқармаси аъзолари мунтазам равишда яшовчилар учун турли концерт дастурлари ва байрам тадбирлари ўтказади.  

Зариф Комилов,

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА