Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман: 47 нафар маҳкумга даво муолажалари буюрилди
11:44 / 2024-03-26

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш, мурожаатлари асосида муаммоларини ҳал қилишга эътибор қаратмоқда.

Омбудсманнинг ҳудудларда минтақавий вакиллари фаолияти йўлга қўйилгани мазкур тузилмага аҳолининг, маҳкумларнинг мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирди.  

Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили тегишли ташкилотлар вакиллари билан бирга 27-сон манзил-колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди.  

Мониторинг давомида маҳкумларнинг яшаш шароити, жумладан, ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, тиббиёт бўлими, ошхона ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланаётган жойлар, меҳнат шароитлари ҳамда узоқ муддатли учрашув хоналари кўздан кечирилди ва аниқланган камчиликлар бўйича тавсиялар берилди.  

Маҳкумлар билан якка тартибда ўтказилган суҳбатда уларнинг мурожаатлари қабул қилинди, фикрлари ўрганилди.  

Шу куни колониядаги барча маҳкумлар 10 нафар тор доирадаги шифокорлар гуруҳи томонидан ультратовуш текшируви (УТТ), ЭКГ ва рентген ускуналари ёрдамида тиббий кўрикдан ўтказилди.  

Тиббий кўрик жараёнида 47 нафар маҳкумга «Остеомиелит», «Остеохондроз» ташхислари қўйилиб, стационар даво муолажалари буюрилди. 15 нафар маҳкум шифокорлар тавсиясига кўра дори-дармон воситалари билан таъминланди. Бундан ташқари, ҳудуддаги поликлиниканинг кардиология бўлимида 20 нафар шахсга амбулатор ва стационар даво муолажалари ўтказилиши белгиланди.  

Манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган 4 нафар маҳкумга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқармаси ходимлари томонидан шифокор тавсияси билан кўзойнаклар берилди.  

Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ҳам фуқаролар қабули ташкил этилди. Унда 20 нафарга яқин фуқаронинг мурожаатлари қабул қилинди.  

Тадбирга тегишли ташкилотлар жалб этилиб, 8 нафар «Аёллар дафтари»да турган фуқарога Хоразм вилоятига уч кунлик бепул саёҳат учун сертификат топширилди ҳамда 8 нафар ногиронлиги бор фуқарога ногиронлик аравачаси, ҳасса, қулоқ учун овоз кучайтиргич мосламалари ва қўлтиқтаёқлар берилди.  

60 нафарга яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижалари бўйича 28 нафар фуқарони туман ва вилоят даражасида соғломлаштириш, жумладан, 5 нафар фуқарога бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиш чораларини кўриш белгиланди. Шунингдек, аҳолига 10 турдаги дори воситалар бепул тарқатилди.  

Давлат хизматлари марказлари томонидан 14 нафар фуқарога мобил хизматлар кўрсатилди.  

Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан Хива «Мурувват» интернат уйига мониторинг ташрифи амалга оширилди.  

Мониторинг ўтказилган кунда 330 ўринга мўлжалланган интернат уйида 325 нафар ногиронлиги бўлган шахслар жойлаштирилгани маълум бўлди. Уларнинг яшаш, овқатланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, тиббий хизматдан фойдаланиш ва бошқа шароитлари ўрганилди.  

Беморлар билан якка тартибда суҳбатлашилди ҳамда Наврўз айёми муносабати билан уларга байрам совғалари топширилди.  

Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ташкил этилган сайёр қабулда фуқаролар пенсия, уй-жой, субсидия ажратиш, ногиронликни белгилаш билан боғлиқ масалаларда мурожаатлар қилди. Мурожаатлар қабул қилиниб, уларни ўрганиш ва ҳал қилиш ишлари давом этмоқда.  

Шу куни Улуғнор туманидаги «Мингбулоқ», «Учкўприк», «Чўлобод» ва «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган «Омбудсман мактаби» тадбири ҳам ўтказилди.  

Очиқ мулоқот шаклида савол-жавобларга бой тарзда ўтган тадбирда ушбу ҳудудлардан Омбудсманга юборилган мурожаатларда кўтарилган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.  

 

Н.Абдураимова, ЎзА