“Омад суғурта” 90 дан ортиқ суғурта турларини таклиф этади
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида “Омад суғурта” масъулияти чекланган жамиятининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида “Омад суғурта” масъулияти чекланган жамиятининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда молия бозорини янада ривожлантириш, аҳолини сифатли молиявий хизматлар билан қамраб олиш кўламини кенгайтириш, бу борада суғурта ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ушбу соҳада истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Суғурта хизматлари иқтисодиётни турли хил молиявий хатарлардан ҳимоя қилувчи воситалардан биридир. Бироқ мамлакатимиз молия бозорида бу хизматларнинг ўрни ҳозирча етарли эмас.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг олти ойида суғурта ташкилотлари томонидан йиғилган суғурта мукофоти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар ошган бўлса-да, суғурта тушуми аҳоли жон бошига 50 минг сўмдан тўғри келган.
Ушбу соҳанинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши атиги 0,4 фоизни ташкил этмоқда. Қиёс учун, бу кўрсаткич Жанубий Кореяда 11 фоиз, Германияда 6 фоиз, Россияда 1,5 фоизни ташкил этади. Бунинг асосий сабабларидан бири – суғурта хизматлари етарли даражада жозибадор эмаслиги.
Президентимиз томонидан жорий йил 10 июль куни суғурта хизматлари бозорини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда мазкур соҳани ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Президентимизнинг 2019 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар ривожида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётир.
“Омад суғурта” МЧЖ томонидан суғурта тармоғининг 17 та класслари доирасида 90 дан ортиқ суғурта турлари бўйича хизмат кўрсатиш режалаштирилмоқда.
– Айни пайтга келиб мамлакатимизда суғурта бозори жадал ривожланмоқда, – дейди “Омад суғурта” МЧЖ ҳуқуқшуноси Илҳом Эшонқулов. – Бундай шароитда рақобатда ютиш учун сизда албатта мижозлар учун бошқа турдош компанияларга нисбатан қулай, ишончли ва сифатли таклиф бўлиши керак. Хўш, бу борада “Омад суғурта”нинг бошқалардан нима фарқи бор ва у нимани таклиф қилмоқда? Бу борада жамиятимиз мижозларга қулай, ишончли, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида улкан режаларни кўзламоқда. Жумладан, ходимларимизнинг дунёнинг етакчи суғурта компанияларида малакасини ошириб, тажрибасини ўзимизда татбиқ этишни режалаштиряпмиз.
Жамият фаолияти йўлга қўйилиши билан 30 га яқин янги иш ўрни яратилди. Маълумотларга кўра, республикамиз бўйлаб жамият филиалларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.