Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бошқармасида мамлакатимиз ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилувчиларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Бу ерга пойтахтимизнинг барча туманларидаги йигитлар тўпланди. Улар ҳаётларида биринчи маротаба ҳарбий кийим кийишди, уларнинг армия хизмати, бурч ва шараф ҳақидаги тасаввурлари ўзгача. Чақирилувчиларнинг ҳаммаси ҳам келажакда ўз тақдирини Миллий армия билан боғламайди, бироқ уларнинг ҳар бири ўз юрти ва ватандошларини ҳимоя қилишдек шарафли ишга ўз ҳиссасини қўшишга шай турибти.
[gallery-10902]
Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервидан бўшатиш тўғрисида”ги фармонига кўра, мудофаа ишлари бўйича туман ва шаҳар бошқармаларининг чақирув ва йиғин пунктларида фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервидан бўшатиш бўйича тадбирлар бошланди. Жорий йилнинг март-апрель ойларида чақирув ёшидаги фуқароларни Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Қоровул қўшинлари, ИИВ нинг халқаро аэропортлар қўриқлаш қўшинлари, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия қўшинларига муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш тадбирлари бўлиб ўтади.
– Оиламиздаги ҳамма эркаклар армияда хизмат қилишган, мана энди менинг ҳам навбатим келди, – дейди Тошкент шаҳар Бектемир туманидан чақирилган бўлажак аскар Билолиддин Убайдуллаев. – Ҳаёт йўлларимиздаги қийинчиликлар бизни руҳан чиниқтиради. Мен икки йил олдин муддатли ҳарбий хизматни ўташга қарор қилган эдим. Бу вақт давомида ўзимни маънан ва жисмонан тайёрладим. Армия хизматидан сўнг Тиббиёт академиясига ўқишга кириб, келажакда фан билан шуғулланмоқчиман. Инсон Ватанига ва халқига ҳар қандай йўл билан хизмат қилиши мумкин. Менинг ниятим – инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш. Кўпчилик чақирилувчилар армияни нафақат Ватан олдидаги бурчларини адо этиш, балки шунингдек, бўлажак касбга тайёргарлик кўриш имконияти, деб тушунишади.
– Мен ҳали ёшман, бироқ ҳаётимни нимага бағишлашимни аниқ биламан, – дейди пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидан чақирилган Муҳаммад Абдукаримов. – Мен бир йил давомида Бухоро шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида ҳарбий хизматни ўтайман. Бу вақт ичида ўз қобилиятларимни кўрсатишим керак, чунки мен ҳарбий бўлмоқчиман. Ҳарбий қисмдан бериладиган тавсиянома юртимиздаги олий ўқув юртлардан бирига киришимни осонлаштиради. Шундай қилиб армия хизмати келажакдаги меҳнат пиллапоямда илк қадам бўлади.
Ҳар бир йигит ўз орзулари ва режалари билан ҳарбий хизматга йўл олади. Уларга фақат омад тилаб қоламиз.
Роман БОНДАРЧУК,
ЎзА