Олхўри дарахти Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига яхши мослаша оладиган мевали дарахтлардан бири ҳисобланади. Уларни ўстириш жуда осон. Олхўри учун ишлатиладиган пайвантаклар турли тупроқ шароитларига чидамли ҳисобланади.
Уларнинг нисбатан кеч гуллаши баҳорнинг қировли кунларидан сақланишга ёрдам беради ва шу билан бирга уларда турли зараркунанда ҳашаротлар муаммолари кам учрайди.
Мамлакатимизда олдиндан давлат реестрига киритилган ва янги келтирилган олхўри навлари мавжуд. Хусусан, бугунги кунда олхўрининг “Вашингтон” нави, “Чернослив самаркандский”, “Супериор”, “Венгерка” ва “Бертон” каби маҳаллийлашган навлари истеъмол қилинади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон 2024 йилнинг январь-август ойларида 12 та давлатга қиймати 24,3 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 30,1 минг тонна олхўри экспорт қилган. Олхўри экспорти қиймати ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 4,1 миллион AҚШ долларига ошган.
2024 йилнинг 8 ойида Ўзбекистон Россия – 19,1 минг тонна, Қозоғистон – 9,4 минг тонна, Қирғиз Р. – 1,4 минг тонна, Беларусь – 177 тонна, Мўғулистон – 14 тонна ҳамда БААга – 7,8 тонна олхўри экспорт қилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА