“Оlx”га сохта эълон жойлаб фирибгарлик қилган шахс қўлга олинди
Жиззах вилоятидан бўлган 28 ёшли Р.Б. ички ишлар органига ариза билан мурожаат қилиб, “Оlx.uz” веб-саҳифаси орқали эълон бўйича номаълум шахс билан гаплашиб, алданиб қолганини маълум қилган.
Гап шундаки, у ижарага уй олиш мақсадида номаълум шахсга олдиндан тўлов сифатида 700 минг сўм пул ўтказиб берган. Бироқ, кўрсатилган манзилга борганида алданганини тушуниб етган.
Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи 22 ёшли С.С. эълонлар веб-саҳифасига сохта эълон жойлаган ҳолда амалга оширгани аниқланди.
ИИВ Киберхавфсизлик марказидан маълум қилишларича, С.С. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноий жавобгарликка тортилди.
ЎзА