Хитойга қарашли Синьцзян автоном ҳудудидаги тоғли Олтой ҳудуди чанғи спортининг ватани ва илк ўчоғи сифатида машҳур. Қорли иқлими ва табиий ресурслари маҳаллий халқ учун нафақат ҳаёт тарзи, балки маданий мерос ҳам ҳисобланади.
Бу ерда асрлар давомида анъанавий ҳунарлар, хусусан, асоси қайин ёғочи ва от терисидан ҳамда жунидан тайёрланган мўйнали чанғилар сақланиб келинмоқда. Ушбу ноёб чанғилар маҳаллий аҳолининг қор ва муз билан боғлиқ ҳаёт тажрибасини ва маданий хотирасини ўзида мужассам этган.
Анъаналар қўриқчиси Сланбек Шаҳиш мўйнали чанғилар тайёрлаш техникаси бўйича автоном ҳудуд даражасидаги номоддий маданий мерос объекти доирасида фаолият юритиб келмоқда. У ёшлик йилларидан ушбу қадимий ҳунар сир-асрорларини ўрганган. Эллик йилдан ортиқ вақт давомида тажриба тўплаш, маҳоратни сайқаллаш ва такомиллаштириш натижасида у яратаётган чанғилар нафақат анъанавий услубни сақлаб қолмоқда, балки замонавий бозор талабларига ҳам мослашмоқда.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда мўйнали чанғиларга қизиқиш ортган. Бир йилда ўртача 20-30 жуфт чанғи сотилмоқда. Сайёҳлар ва чанғи спорти ишқибозлари ушбу ноёб маҳсулотни харид қилиш ва яратилиш жараёни билан яқиндан танишиш учун ташриф буюрмоқда.
Сайёҳлар Олтой мўйнали чанғиларини фотосурат ва саёҳат таассуротлари орқали ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилмоқда. Бу эса ҳудуднинг қишки туризм йўналиши сифатида оммалашувига хизмат қиляпти. Тобора кўпроқ хорижий меҳмонлар ушбу ҳунарни ўз кўзи билан кўриш мақсадида келмоқда.
Ҳозир давлат томонидан чанғи спорти маданиятини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сланбек Шаҳиш эса шогирдларига мўйнали чанғи ясаш сирларини ўргатиб, ушбу ноёб ҳунарни авлоддан-авлодга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wyMkZVK8Q-Q" title="Oltoy mo‘ynali chang‘ilari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нилуфар Бозорова, ЎзА