Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Тоғай Мурод номли маҳалла марказида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод таваллудининг 78 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Туман ҳокимлиги мутасаддилари, ёзувчи ва шоирлар, адибнинг қишлоқдошлари, ёш ижодкорлар иштирок этган тадбирда Абдулла Қодирий номидаги давлат мукофоти совриндори, ўзбек полвонлари ва ўзбек деҳқонларини, уларнинг мардлигию, матонатли меҳнатини ўз асарларида юксак маҳорат билан гавдалантирган ёзувчи Тоғай Мурод хотирланиб, жаҳон адабиётидан муносиб ўрин олган “От кишнаган оқшом”, “Юлдузлар мангу ёнади”, “Момо ер қўшиғи” каби асарлари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Ёзувчи асарларининг тарбиявий аҳамияти, бадиий қиймати, ўзига хос тили ва услуби, халқчиллиги, воҳамиз урф-одат ва қадриятларининг жонли, жозибали тасвири хусусида фикр алмашилди.



– Атоқли ёзувчи Саид Аҳмад Тоғай Мурод асарларини қўшиққа ўхшатганини ўқиган эдим, – дейди туман “Халқ ва ҳаёт” газетаси бош муҳаррири Нормурод Темиров. – Устоз адиб Тоғай Мурод асарларини юракнинг туб-тубидан отилиб чиққан, халқимизнинг дардини куйлагувчи қўшиқлардир, деб атаганди. Бу таърифда катта маъно бор. Зотан, санъаткорлар куйлайдиган ашулаларни тушунамиз. Аммо ўқиладиган қўшиқ, ўқиганда ҳам ҳузурланиб, кўнгилдан изтироб туйиб мутолаа қилинадиган қўшиқнинг таъсири, таассуроти, “таъми” ўзгача бўлишини биз Тоғай Мурод асарлари орқали англаб етдик. Таҳририятимиз ходимлари бундан 38 йил муқаддам туманимизга ижодий сафарга келган Тоғай Мурод ўзбек деҳқонининг машаққатли меҳнати тасвирланган “Отамдан қолган далалар” романини яратиш жараёнида ўзимизнинг Олтинсой далаларини, пахтазорлари ва қишлоқларини кезиб маълумотлар тўплаганига гувоҳ бўлганмиз. Ёзувчининг зийраклик билан дала меҳнаткашлари ҳаракатларини эринмай кузатганидан ҳайратланганмиз.



Тадбирда тумандаги 43-мактаб ўқувчилари тайёрлаган саҳна кўринишлари, театрлаштирилган томошалар, қўшиқ ва шеърлар барчада бой таассурот уйғотди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири