Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтинсойликлар Наврўзни Наврўзсойда нишонлади
11:32 / 2025-03-17

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани Қорлиқ маҳалласидаги Наврўзсой кенгликларида шарқона Янги йил – Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу йилги халқ сайли “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” ғояси асосида кенг нишонланди. 

Халқ сайлида аждодларимиз олис ўтмишдан миллий қадрият ва анъаналарини фахр билан тараннум этиб келган нафис айёмда баҳор ва борлиқнинг яшариши, аждодларимиз асрлар давомида эъзозлаб келган миллий қадрият ва урф-одатлари улуғланди. Олтинсойликларнинг бунёдкорлик ва эзгуликка, осуда-обод ҳаёт ҳамда янгилик яратишга интилишлари ўз ифодасини топди. 

Эрта тонгдан карнай-сурнай садолари остида бошланган сайлда кекса авлод вакиллари аждодлардан мерос қолган урф-одат ва анъаналарни намойиш этиб, миллий қадриятларимизни шарафлади. Миллий таомлар кўргазмалари, халқ ўйинлари ва фольклор санъатимиз намуналари, варрак учириш, кураш каби беллашувлар байрамга ўзгача файз бағишлади. Аттракцион ўйинлари жажжи болажонларга завқу шавқ улашди.

– Бу йилги Наврўз муборак ва фазилатли Рамазон ойида нишонланаётгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда, – дейди туман “Халқ йўли” газетаси муҳаррири Нормурод Темиров. – Қўшалоқ айём кунлари кам таъминланган, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга меҳр-оқибат, саховат кўрсатилиб, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олинмоқда. Маҳалла ва кўча-куйда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш юмушлари амалга оширилаётир. Ерга уруғ қадаш, кўчат экиб, янги боғ-роғлар яратиш бошлаб юборилди. Бундай шарафли ишларни тарғиб қилиб, газета саҳифаларида кенг ёритишдан  фахр ҳиссини туймоқдамиз.

Президентимиз ташаббуси билан боғдорчилик ва мевачиликка ихтисослашган ҳудуд инновацион туман сифатида юксалишга юз тутмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, саноат, қурилиш, хизматлар кўрсатиш ривожланаётир. Янги инновацион лойиҳалар амалга оширилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Одамларнинг турмуш даражаси ўсаётир. 

Халқ сайлининг тантанали очилиш маросимида шу ҳақда атрофлича сўз юритилиб, ўтган йил эришилган ютуқлар, Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили учун белгилаб олинган режалар таҳлил қилинди. 

Байрам хушовоз санъаткорлар ва фольклор жамоаларининг дилтортар концерт дастури билан якунланди. 

Воҳа туманларида Наврўзи оламга бағишланган тадбирлар давом этмоқда. 

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири