Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтинсойликлар ҳам юрт келажагига бефарқ эмас
15:06 / 2023-03-24

Олтинсой туманидаги 15-Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида янгиланаётган Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган “Конституция – барчамизники!” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Ташкилот, муассаса ва корхоналар ходимлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркорлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда туман ҳокими Баҳром Махматраемов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбарчин Абдуллаева, Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати Ашурали Орипов ва бошқалар янгиланаётган Бош Қомусимизга киритилаётган қўшимча ва ўзгартишлар тўғрисида атрофлича тушунтириш берди. Асосий Қонунимизда юз бераётган янгиланишлар жамиятда инсон қадрини янада юксалтириб, халқимизнинг ҳаёт даражасини оширишга, ҳудудларни янги босқичда ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

– Олтинсой инновацион туманга айлангунча иқтисодий ривожланишдан анча орқада қолган эди, – дейди туман ҳокими Б. Махматраемов. – Ҳудуд аҳолиси боғдорчилик ва узумчилик билан шуғуллансада, тармоқни ривожлантиришга, хориж тажрибаларини жорий этишга эътибор берилмади. Саноат ва хизмат кўрсатиш орқада қолди. Эндиликда инновацион туманда янги лойиҳалар асосида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, инновацион боғлар яратиш кенг йўлга қўйилмоқда. Жумладан, ўтган йили лойиҳа ташаббускорлари ва олимлар ҳамкорлигида ўнга яқин маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Биопарчаланувчан гидрогел, калифорния чувалчангидан фармацевтика учун зардоб, базальт минерали асосида механик мустаҳкам компаундлар, олтингугурт асосида автомобиль йўллари учун йўл бўёқлари каби рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 15 гектар майдонда сув тежамкор, томчилатиб суғориладиган пекан ёнғоғи плантацияси барпо этилди. Жорий йилда эса туманнинг ер ости бойликларини ўзлаштириш бошланмоқда. Янги инновацион узум, писта, бодом боғлари барпо этиляпти. Инновацион ва стартап лойиҳалар иш бошлайди. Хизматлар кўрсатиш, қурилиш, транспорт каби соҳалар ривожланиб, ҳудуднинг бой туристик салоҳиятидан кенг фойдаланилади. Ўн беш мингдан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўрни яратилади. Кўп миллатли халқимиз хоҳиш-иродаси билан Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар келгусида ҳам юртимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган бундай улкан ишларни изчил амалга оширишни кафолатлайди. Янги-янги ғояларни ҳаётга татбиқ этишга ундайди.  

Тадбирда сўзга чиққан нотиқлар янгиланаётган Конституциямизга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришларнинг Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашдаги ўрни ҳақида фикр юритиб, барчани жорий йилнинг 30 апрель куни Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумда фаол қатнашишга чақирди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА