Сурхондарё вилоятидаги Олтинсой тумани деҳқонлари пахта топшириш бўйича йиллик шартномавий режасини мамлакатимизда биринчи бўлиб бажарди.
Пахтачилик учун об-ҳаво ноқулай келиб, сув тақчиллиги ва ёз чилласида меъёридан ортиқ иссиқ ҳарорат кузатилган бу йилги шароитда тумандаги 104 та фермер хўжалиги 2 минг 586 гектар майдонда мўл ҳосил етиштириб, қабул пунктларига 9 минг 886 тоннадан ортиқ сифатли пахта толаси топширди. Шартномавий режа 101 фоизга бажарилди. Ўртача ҳосилдорлик 38-41 центнерни ташкил этди. Туманнинг улкан хирмонига ҳар гектар майдондан 45-50 центнердан ҳосил олган "Ботош лочини", "Феруз", "Қозонкўл миришкор" сингари илғор фермер хўжаликлари салмоқли ҳисса қўшди.


Шу муносабат билан туманда бўлиб ўтган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мамлакатимизда сўнгги йилларда пахтачиликда бозор иқтисодиёти тамойиллари кенг жорий этилиб, соҳа ўз эгасини топгани, бунинг учун пахтачилик–тўқимачилик кластерлари ташкил этилиб, пахта йиғим-теримига тўланадиган ҳақ оширилгани соҳани ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.


Пахта хом ашёсининг харид нархини давлат томонидан белгилаш амалиётидан воз кечилиб, жойларда ўша ҳудуддаги ернинг ҳолати, пахта етиштиришга йўналтирилган сарф-харажатлар, бозордаги талаб ва таклифлар асосида харидор ва сотувчиларнинг ўзаро келишувига мувофиқ белгилаш тартиби жорий этилгани, уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини кластерлар фермер хўжаликларига устама қўлламасдан, ўтган йилга нисбатан 15-20 фоиз паст нархларда етказиб берилгани ҳам сифатли хом ашё етиштиришга катта қизиқиш уйғотганини қайд этди. Эрта баҳорда пахта уруғини сепиш ва ниҳолларни меҳр билан парваришлашда иштирок этган барча дала меҳнаткашларини, теримчилар ва фермерларни, секторлар ва соҳага хизмат кўрсатган ташкилот, корхоналар раҳбарларини улкан зафар билан табриклади. Мавсумда фаол иштирок этган бир гуруҳ пахтакорлар, фермер хўжаликлари ва секторлар раҳбарларига қимматбаҳо совғалар топширилди.



Туманда пахта йиғим–терими қизғин давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА