Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтинсойлик энг фаол маҳалла раислари тақдирланди
10:26 / 2025-07-03

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида энг фаол ва ташкилотчи маҳалла раисларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилди.

Туман ҳокими ўринбосарлари, маҳаллалар раислари, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирок этган тадбирда туман ҳокими Баҳром Махматраемов маҳалла раислари ва маҳалла еттилигининг вазифалари ҳақида атрофлича фикр юритди. Маҳалла ободлигини таъминлашда аҳолининг фаол иштироки ва масъулиятини ошириш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш, миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни тарғиб қилиш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаш, тўй-маросимларни исрофгарчиликларсиз ихчам ўтказиш, ҳудудни ҳар тарафлама ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш каби масалаларда фидойилик намуналарини кўрсатиш учун маҳалла еттилиги билан самарали фаолият юритиш лозимлиги қайд этилди. Маҳалла ҳудудида қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, таълим, тиббий хизмат, спорт, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилишни кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Туманда 54 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Жорий йил май-июнь ойларида бўлиб ўтган сайловларда очиқ ва ошкоралик асосида барча маҳалла раислари сайлаб олинди. Айни пайтда янги сайланган раислар ўзларига юклатилган вазифаларни шараф билан бажариш учун самарали меҳнат қилмоқда. 

Тадбирда ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари, ижтимоий ходимни ягона мақсад йўлида бирлаштириб, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришга интилаётган 11 та энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири