English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтинсойдаги Наврўз сайлида ҳарбийлар достон куйлади
10:28 / 2022-03-17

Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!

Наврўзни ўтмишдан Шарқ халқлари кенг нишонлаб, янгиланиш, покланиш, яшариш, юксалиш байрами сифатида шарафлаган. Мамлакатимизда фольклор-этнографик жамоаларнинг турли ашула ва рақсларида, шўх яллалар, полвону чавандозлар чиқишида бу шодиёна янги-янги кўринишда нишонлаб келинган.

Афсуски, донишманд халқимиз ҳар доим ҳам улуғ айёмини кенг миқёсда нишонлаш бахтига муяссар бўлмаган. Айниқса, Наврўзга жозиба берувчи бахшилар ўтган тузум даври мафкураси остида кўп тазйиқларни бошдан кечирди. Ҳатто катта-кичик давраларда бахшиларни “бақироқ чол” сифатида талқин этувчилар ҳам бўлди.

Наврўз тантаналари, айниқса, Алпомиш юрти Сурхондарёда ўзгача руҳ ва кайфиятда нишонланади. Кўклам ниш урган шу кунларда Олтинсой туманидаги Қорлиқ маҳалласи адирлигида ўтган Наврўз сайли ҳам минглаб юртдошларимизнинг ушбу байрамга юксак эҳтироми ва соғинчини ифодалаб берди, десак муболаға бўлмайди.

Тўрт томони тоғларга туташиб кетган қирлар бағрида тикилган ўтовларда халқ ўйинлари, бахшилар айтишуви, варрак учириш, миллий кураш, хуллас, ўзбекнинг ўзлигини намоён этувчи номоддий маданий мерос намуналари кенг намойиш этилди. Қай бир кайвони момо билан юзлашманг, Наврўз ҳақида ўзгача ривоятлар, афсоналар айтиб берди. Гап орасида чанқовузини олиб, қадимий оҳангларни руҳиятимизга олиб киради.

Олтинсойда бу сайл ҳар йили ўзига хос тарзда ўтказилса-да, бу йилгиси доимгилардан ажралиб турди. Гоҳ қир юзини майин ёмғир силаган, гоҳ қуёш булутлар орасидан мўралаган адирда ҳарбийлар томонидан тайёрланган турли чиқишлар олқишларга кўмилиб кетди. Мудофаа вазирлигининг Хайробод гарнизонига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, фахрий қоровул, ҳарбий оркестр чиқишлари ёшу-кекса иштирокчилар эътиборини тортди.

Кутилмаганда дўмбирасини созлаб: “Бахшининг боласи бахши бўлади, яхшининг боласи яхши бўлади”, – дея даврага чиққан ҳаваскор ҳарбий бахши – контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Рустам Бакиров айтимларидан қир-адирлар ларзага келиб, халқ сайлига ўзгача шукуҳ бағишлади. Тинч, обод ҳаётимиз посбонининг дўмбира жўрлигида айтган терма ва достонлардан парчалари давомли гулдурос қарсаклар билан олқишланди. II даражали сержант Ойбек Даминовнинг фарзанди олти ёшли Муҳаммаджон Хушмуродов шундай шўхчан куйладики, унга жўр бўлмаган, даврага тушиб ўйнамаган одам қолмади, ҳисоб.

– Президентимиз 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳарбий қисмимизда бўлиб, ҳарбий хизматчилар билан учрашди, – дейди Рустам Бакиров. – Учрашувда ҳудудга хос миллий қадриятлар, шу жумладан, бахшичилик санъатини ўргатиш, от миниш маҳоратини ошириш, жанговар шайлигини мустаҳкамлаш юзасидан тегишли вазифалар бердилар. Шунга мувофиқ, ҳарбий қисмимизга эл суйган бахшилар бириктирилиб, бизга бу қадимий ноёб санъатнинг сир-асрорлари чуқур ўргатилмоқда. Эндиликда дўмбира чертиб, терма, достон айтишни фарзандларимиз ҳам ўрганмоқда. Биз турли шодиёналарда халқимизга устозлардан ўрганганларимизни намойиш этиб, уларга шодлик, қувонч улашаётганимиздан фахрланамиз.

Халқ сайлида яшилликка бурканаётган адир бўйлаб тикилган ўтовлар миллий тарихимиз, анъаналаримиз ҳақида ҳикоя қилди. Ундаги сўзаналар, нақшлар жозибаси, миллий ҳунармандчилик намуналари сурхон этномаданияти силсиласини намоён этди.

Хуллас, олтинсойликларнинг бу йилги Наврўз айёми халқ ўйинлари, халқ оғзаки ижоди намуналари билан халқнинг чинакам жозибадор байрамига айланиб кетди. Зеро, бундай шодиёналар тинч, осойишта ва фаровон юртга ярашади.

Бобур Элмуродов,

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти катта лейтенанти.

ЎзА