Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтинсойда янги дам олиш маскани барпо этилмоқда
11:28 / 2022-10-31

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани бетакрор табиат манзаралари, сархил мевалари, шифобахш суви, муқаддас қадамжолари билан бой туристик салоҳиятга эга. Хўжаипок олтингугуртли шифобахш суви, болдек ширин узумлари, Сўфи Оллоёр, Мавлоно Зоҳид каби буюк аждодларимиз мангу қўним топган масканлари нафақат мамлакатимиз балки, дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мамлакатимизда кейинги йилларда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор тадбиркорларни мафтункор гўшанинг сайёҳлик салоҳиятидан оқилона фойдаланиб, ўз бизнесини йўлга қўйишига қулай имконият яратди. Тумандаги “GARDEN TREVEL” масъулияти чекланган жамияти Вахшивор тоғ тизмалари қўйнидаги фаолияти тўхтаб қолган “Чинорбулоқ” ёзги оромгоҳини қайта реконструкция қилиб, сўлим дам олиш масканига айлантиришга бел боғлади. Бунинг учун дастлабки босқичда шинам, озода ётоқхоналар, супа ва сўрилар, бассейн барпо этди.

– Бу ерга келган кишининг сўлим ва мафтункор табиат манзараси, зилолдек булоқ суви, шифобахш гиёҳлар ифоридан ҳам кўнгли ором топади, – дейди “GARDEN TREVEL” масъулияти чекланган жамияти раҳбари С.Мирзаев. – Бунёдкорлик ишлари тўлиқ якунлангач, йилига 500 дан ортиқ киши мароқли дам олиб, соғлигини тиклаш имкониятига эга бўлди. Шу мақсадда бу жойнинг қиёфасини тубдан ўзгартириб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатадиган ажойиб гўшага айлантирмоқчимиз.  

Жорий йилда янги дам олиш маскани қурилиши учун 1 миллиард 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, 15 иш ўрни яратилди. Бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.  

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА