Олтинсой туманидаги Бўстон маҳалласида янги инновацион мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
STEAM таълим технологиясига ихтисослашган мактабгача таълим муассасаси 125 ўринга мўлжалланган. Бинони қуриб, жиҳозлаш ва ишга тушириш учун 1 миллиард 107 миллион сўм маблағ сарфланди.

Сурхондарё вилоятидаги инновацион туманда барпо этилган замонавий мактабгача таълим ташкилотида болажонларга янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида таълим-тарбия берилиб, STEAM таълим технологияси жорий этилмоқда.

– Мактабгача таълим муассасамизда ташкил этилган тўгаракларда болажонлар ракета, робототехника, самолёт, халқ ҳунармандчилиги буюмлари ва бошқа ўйинчоқлар билан ўз билимини мустаҳкамлаб боради, – дейди мактабгача таълим ташкилоти мудираси Мадина Ҳайитова. – Болалар тарбияланадиган ҳар бир хонага кузатув камераси ўрнатилган. Бу ота-оналарнинг фарзанди боғчада нималар билан машғул бўлаётганини кузатиб туриш имконини беради. Инглиз тилини осон ўзлаштириши учун кўпроқ бир бўғинли сўзлар ёрдамида гаплашилади. Бу усул уларнинг хорижий тилни тез, осон ўрганишига кўмаклашади. Шунингдек, жажжи ўғил-қизларга математика, робототехника, рус тили бўйича ҳам қизиқарли машғулотлар олиб борилади.


Замонавий таълим ташкилотида 20 нафар малакали мутахассис иш билан таъминланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири