Президентимиз 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида воҳани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб бериб, ҳудудга инвестиция жалб этиш ва саноатни юксалтиришдаги энг катта захира мавжуд конларни ишга солиш эканини алоҳида таъкидлаган эди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган бу ташаббусда чуқур маъно мужассам. Зеро, ўтган йилларда вилоятнинг ер ости бойликларини ўзлаштириш эътибордан анча четда қолди. Масалан, бундан саккиз йил муқаддам воҳа ҳудудида 70 дан ортиқ фойдали қазилма кони давлат балансига олинган бўлса, кейинги йилларда олиб борилган геология-қидирув ишлари ва амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 30 га яқин турли қазилма бойликлар аниқланди. Эндиликда бу конларни босқичма-босқич ўзлаштириш орқали янги саноат корхоналари ишга туширилиб, аҳолининг бандлиги таъминланмоқда. Ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиб, одамларнинг турмуш даражаси юксалаётир.

Жанубдаги воҳанинг осмонўпар тоғлари юқори калорияли кўмир захираларига ҳам бой. Айни пайтда шу пайтгача қаттиқ ёқилғи қазиб олинган Шарғун ва Бойсун кўмир конларида модернизация ишлари олиб борилмоқда. Бойсундан 50 чақиримча узоқда Олтинсой туманининг тоғли Ҳовуз қишлоғи ҳудудида яна бир кўмир кони ўзлаштирилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, бу ердаги бир қатламли коннинг қалинлиги 6,5 метргача бўлиб, 500 метр чуқурликкача жойлашган захираси бор. Ҳудудда аниқланган йирик ва сифатли қаттиқ ёқилғи мамлакатимиз халқ хўжалигининг юқори калорияли кўмирга бўлган эҳтиёжини қоплаш ҳамда маҳаллий истеъмолчилардан ортиқ қисмини хорижга экспорт қилиш имкониятини яратади.

Тоғлар қўйнида 440 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган конни “Турон эко кўмир” масъулияти чекланган жамияти ўзлаштирмоқда. Қиймати 595 миллиард сўмлик янги лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, минг кишининг бандлиги таъминланиб, саноат усулида йилига 360 минг тоннагача қаттиқ ёқилғи қазиб олиш мўлжалланаётир.

Коннинг дастлабки босқичида 50 миллион доллар маблағ сарфланиб, очиқ усулда кўмир қазиб олиш лойиҳаси ишга туширилди. Бу маблағнинг 25 миллион доллари хориж сармоясидир.
– Биринчи босқичда 150 киши меҳнат қилмоқда, – дейди “Турон Эко кўмир” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аслиддин Қобилов. – Корхонамизнинг йиллик экспорт ҳажми 7 миллион долларни ташкил этмоқда. Шунингдек, янги шахталарни очиб, кўмир қазиб олишга ҳозирлаяпмиз.

Истиқболли йирик лойиҳани амалга ошириш учун ўтган йилларда бу ерда катта ҳажмдаги кон усти ишлари бажарилди. 20 километр масофага йўл қурилди. Омборхона барпо этилди. Электр тармоғи тортилиб, хорижнинг янги махсус кон техникалари келтирилди.
Саноат корхоналари учун юқори калорияли кўмир етказиб беришни бошлаган лойиҳа ташаббускорлари қаттиқ ёқилғи қазиб олишни янги, замонавий техника ва механизмлар ёрдамида амалга ошириб, маҳсулот таннархини арзонлаштиришни, олис тоғ қишлоқлари аҳолиси бандлигини таъминлашни мўлжаллаётгани аҳамиятли бўлмоқда.
– Жаҳонда арзон ва сифатли кўмирга эҳтиёж ортиб бормоқда, – дея суҳбатни давом эттиради Аслиддин Қобилов. – Бу бойликни замонавий технологиялар асосида ўзлаштириб, сифатли қазиб олиш иқтисодиёт тармоқлари, саноат корхоналари ва бошқа истеъмолчиларни ишончли, арзон кўмир билан таъминлаш имкониятини бера бошлади. Иссиқлик ажратиш даражаси юқори бўлган конни босқичма-босқич ўзлаштириш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, тоғ қишлоқлари аҳолисини иш билан таъминлаймиз. Бунинг учун имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этиб, олинаётган фойда ҳисобидан янги технологиялар харид қиляпмиз. Иш унуми юқори бўлган механизмлар ёрдамида тоғ қаридан сифатли маҳсулот қазиб олиб, буюртмачиларга етказиб беряпмиз. Кўмир қазиб олишнинг йилдан-йилга ошиб бориши бу ерда меҳнат қилаётган шахтёрларни ўз вақтида иш ҳақи билан таъминлаб, турмуш даражасини ошириш ва меҳнат шароитларини яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.
Лойиҳа ташаббускорлари жорий йил якунигача кўмир қазиб олиш ва саноат корхоналарига етказиб беришни 80 минг тоннага етказишни кўзда тутмоқда. Бунинг учун мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишга ҳаракат қилаётир.
Вилоятда янги қаттиқ ёқилғи конининг ўзлаштирилаётгани кўмир ишлаб чиқариш саноатида давлат бюджетига тўловларни янада ошириб, юртимиз тараққиётига хизмат қила бошлади. Буларнинг барчаси миллий иқтисодиётимиз барқарорлигини, мамлакатимиз ободлигини таъминлаш ва аҳолининг ҳаёт даражасини юксалтиришга йўналтирилган халқчил ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири