Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Олтинкўл туманида «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар билан мулоқот ўтказди, шунингдек, туманда ташкил этилган “Ёшлар кичик саноат ҳудуди”да ёш тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да хотин-қизлар ва ёшларга, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир ёшнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ёки тадбиркорлик қилиш борасидаги истаклари инобатга олиниб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Хусусан, ўз тадбиркорлигини бошлашни ният қилган ёшларга ер, кредит маблағлари ажратиб берилмоқда.
Вилоят ҳокими ёшлар билан мулоқотда ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни деҳқончилик, тадбиркорлик фаолиятларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чоралар, амалга оширилаётган ишлар хусусида гапирди. Ёшларнинг мақсад, режа, орзу ва истакларини эшитиб, уларнинг тадбиркорлик борасидаги саъйи-ҳаракатлари қўллаб-қувватланишини таъкидлади. Тадбиркорлик қилиш истагидаги аниқ лойиҳалари бўлган йигит-қизларни жой, керакли жиҳоз ва кредит маблағлари билан таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Туманда ташкил этилган, умумий майдони 5 гектар бўлган “Ёшлар кичик саноат ҳудуди”да ёш тадбиркорлар томонидан озиқ-овқат, текстил, тўқимачилик, қурилиш ва мебел ишлаб чиқариш каби йўналишларда 124 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ана шу лойиҳаларнинг аксарияти жорий йил охирига қадар ишга туширилади. Умумий қиймати 70 миллиард сўмни ташкил этадиган лойиҳаларнинг тўла ишга тушиши билан 2 мингта янги иш ўрни яратилади.
[gallery-1689]
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА