Бугун кўнгилларга хушнудлик бахш этиб юртимизда баҳор шабадаси эсмоқда.
Қуёшнинг илиқ тафтидан баҳра олаётган замин, дов-дарахтлар яшил либосини киймоқда. Зилол сувлари шилдираб оқаётган ариқлар бўйларида, далаларда кўкатлар бош кўтариб, кўкка бўй чўзмоқда.
Халқимизнинг қадим байрами Наврўзи олам арафасида юртдошларимиз қалбида шукроналик, элимизга тинчлик, бир-бирларига омонлик тилашади. Таббарук кексаларимизнинг қўллари эса дуода.
– Шу кунларга етказганига шукр, – дейди Олтинкўл тумани Офтобачек маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Химоятхон Мамарасулова. – Қанча-қанча одамлар бугунги дориломон кунларни кўролмай ўтиб кетди. Бугун юртимиз обод, ҳаётимиз тинч, дастурхонларимиз тўкин. Бу халқимизнинг нияти холислиги, меҳнатсеварлиги, юртдошларимизнинг юртни обод қилишдек хайрли ишларга камарбасталиги шарофатидандир.
Наврўзи олам олдидан Олтинкўлнинг ҳар бир гўшасида турли байрам тадбирлари, сумалак сайллари юқори кўтаринкилик билан ўтказилмоқда. Ана шу байрамолди тантаналарида иштирок этган қайси бир юртдошимиз билан суҳбатлашмайлик, уларнинг қалбида шукроналик, ҳаётдан мамнунлик, обод юртидан фахрланиш туйғулари жўш ураётганлигини англаш мумкин. Айниқса, ёшлардаги шижоат, интилиш, эртанги кунга бўлган ишончни, уларнинг билим ва салоҳиятни кўриб, кўнгил фахрга тўлади.

Кўкламнинг қуёшли илк кунларида маҳалла, қишлоқ ва шаҳарлардаги хонадонлар, кўча ва гузарларни ободонлаштириш ишлари, ҳашар тадбирлари, Наврўз, сумалак сайллари халқимизнинг азалий удумларини, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамламоқда. Айни кунларда юртимизнинг барча гўшаларида ана шундай ҳайрли тадбирлар юқори кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 февралдаги “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида қатор тадбирлар, Наврўз байрами сайллари бўлиб ўтмоқда.
Бу йилги байрам тантаналари ҳар йилгидан ўзгача ўтмоқда. Ўзининг гўзал табиати, миришкор деҳқонлари билан элга танилган Олтинкўл туманида ҳам байрамолди тадбирлари юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтмоқда.

– Кейинги бир неча йил ичида юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Олтинкўл туманида ҳам катта ҳажмдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, – дейди туман ҳокими Иқболжон Матрўзиев. – Туманнинг барча қишлоқ ва маҳаллалари ободлашиб, янги-янги корхоналар, кенг ва равон йўллар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари, стадионлар, боғ ва хиёбонлар бунёд этилди. Бу каби ишлар кўлами йилдан-йилга ортмоқда.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда туман маркази, тумандаги барча маҳалалар қиёфаси тубдан ўзгарди. Айниқса, туман марказида амалга оширилган қурилиш ва бунёдкорлик ишларига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Ўтган 2021 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Хўжа, Маслаҳат-Иттифоқ, Сафаробод, Хондибоғи маҳаллаларида аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган катта хажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Мазкур маҳаллалардаги аксарият йўллар таъмирланди, сув, газ, электр энергияси тармоқлари янгиланди.

Айниқса, туманнинг Марказ маҳалласидаги узунлиги 600 метр бўлган Чинобод кўчаси “Замонавий кўча” дастури доирасида замонавий қиёфа касб этди. Йўл асфальтланиб, икки четига лотоклар, ёритиш чироқлари, ўриндииқлар ўрнатилди. Бир томонига пиёдалар, иккинчи томонида эса велосепедлар учун йўлакчалар, гулзор ва майсазорлар барпо этилди.
Йўлнинг икки томонида жойлашган бино ва иншоотлар ҳам бутунлай янгича кўринишга келтирилди. Умуман, туманда ўтган йили “Замонавий кўча” дастури асосида М. Алиев, Олтин соҳил, Маориф кўчаларида ана шундай ишлар амалга оширилди.
Туманда куз-баҳор мавсумида жами 1 миллион тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган. Куз мавсумида худудга 471 минг туп ниҳол қадалган бўлса, эрта баҳордан яна 614 минг туп кўчат экилди. Наврўз байрами олдидан ўтказилган Экоакцияда 167 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бугун ҳам кўчат, гул экиш, кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда.

Туманда деҳқончилик, айниқса, томорқадан самарали фойдаланиш борасида ўзига хос, илғор тажриба мактаби шаклланган. Ана шу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш, қолаверса, Президентимизнинг 2021 йил 16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида туман ҳокимлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Кўмакай, Бўстон, Топтиқ, Темирхўжа, Ганжиравон ва бошқа қатор маҳаллаларда ўқув семинарлари ташкил этилиб, хонадонларда мавжуд томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, берилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда хонадонларда иссиқхона ташкил этиш, парранда, чорва ҳайвонлари, куёнчилик, асаларичилик йўналишларида тадбиркорликни йўлга қўйиш, уста деҳқонлар тажрибаларини жорий этиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Наврўз байрами арафасида туман ҳокимлиги, ташкилот ва корхоналар, тадбиркорлар томонидан хайрия ва саховат тадбирлари ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Ана шу тадбирлар доирасида якка ёлғиз яшовчи кексалар, ногиронлар, ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олинмоқда. Жумладан, туман ҳокими Далварзин маҳалласида яшовчи Саидахон Расулова, Гулбоғ-Иттифоқ маҳалласида яшовчи Лолахон Тожибоева хонадонида бўлиб, уларнинг яшаш шароити билан танишди. Ханадонларнинг аҳволи ёмонлиги инобатга олиниб уларга янги уйлар қуриб бериладиган бўлди. Ҳозирда мутасадди ташкилотлар бириктирилиб, қурилиш ишлари бошланган.

Байрам олдидан Топтиқ маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган “Аёл –тарбия, одоб-аҳлоқ тимсоли” деб номланган тадбирда маҳалланинг фаол аёллари, чаққон келинлари Наврўз анъаналари, баҳорий таомлар тайёрлаш бўйича беллашувларда иштирок этди. Нуроний онахонлар эса ёшларга оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси, аёлларнинг жамиятдаги, оиладаги ўрни ҳақида бой ҳаётий тажрибаларини гапириб берди.
– Ўзбек аёли, оила бекаси ўзининг фидойилиги, одоб-ахлоқи, муомала маданияти, юриш-туриши билан барчага ибрат бўлиши лозим, – дейди Топтиқ маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Нодирахон Йўлдошева. – Тадбирда ўзларининг мазмунли ва ибратли ҳаёти билан барчага намуна бўлиб яшаётган онахонларимиз, фаол аёлларимизнинг ҳаёти ибрат қилиб кўрсатилди.
Бир сўз билан айтганда наврўз байрам арафасида тумандаги 56 та маҳалла, таълим муассасалари, қўйингки, барча меҳнат жамоаларида юқоридаги каби ибратли ва хайрли ишлар қизғин давом этмоқда.
Юқори кўтаринкилик билан ўтказилаётган байрам тадбирлари, сумалак сайлларида дошқозонларда халқимизнинг шох таоми – сумалак тайёрланмоқда. Сумалак ва бошқа баҳорий таомлардан ёшу кекса баҳраманд бўлмоқда. Бадиий ва ҳаваскорлик жамоалари, санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага хушнудлик, кўтаринки кайфият бағишламоқда.
Одамларга байрамона кайфият, юқори кўтаринкилик бағишлаётган Наврўз байрами тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА