English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтинкўлда Маънавият ва маърифат маскани иш бошлади
16:29 / 2023-11-07

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туман ахборот- кутубхона маркази биносида ташкил этилган Маънавият ва маърифат маскани туманда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар қалби ва онгида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ишлари самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Туман фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, маънавият тарғиботчилари иштирокида Маънавият ва маърифат маскани очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов, туман ҳокими ўринбосари Фахриддин Парпиев, сиёсатшунос, иқтисодчи олим Нарзулла Обламуродов, Ўзбекистон Қаҳрамони Шукуржон Маматқулов ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, соҳа фаолиятини янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади. 

[gallery-14435]

– Йиғилиш, учрашув ва семинарлар ўтказишга мўлжалланган зал, кутубхонага эга масканимизда қатор қулайликлар яратилган, – дейди Маънавият-маърифат маркази туман бўлинмаси бош мутахассиси Мафтуна Юсупова. – Марказимиз маънавиятчиларнинг самарали фаолият юритиши, ўзаро тажриба алмашишига хизмат қиладиган гавжум масканлардан бирига айланади. 

Тадбир доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Заковат” билимлар беллашуви, спорт мусобақалари, туман ижтимоий- иқтисодий, маънавий-маърифий ривожига муносиб ҳисса қўшган ва қўшиб келаётган фахрийлар, фаоллар ҳамда ёшлар иштирокида уч авлод учрашуви тадбирлари ўтказилди. 

Тадбир ниҳоясида саховатли тадбиркор томонидан тумандаги 25 нафар имконияти чекланган фуқарога ногиронлик аравачалари совға қилинди. Ана шундай хайрли ишлар билан фаолият бошлаган Маънавият ва маърифат маскани туманда нафақат маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга, балки одамлар ўртасида меҳр-оқибат, саховат ришталарини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари