ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизга инвестиция олиб келиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали жаҳон бозорига чиқиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ўз самараларини бермоқда.
«Қурилиш қурган эл янги» деганларидек, қурилиш ишлари ривожланган юртда, янгиланишлар кўзга ташланади. Қурилиш маҳсулотлари ўзимизда ишлаб чиқарилса, бу ишлаб чиқарувчи тадбиркорга ҳам, аҳолига ҳам қулайликлар яратади.
[gallery-24144]
Тахиатош туманидаги «Олтинкўл иморат универсал қурилиш» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 7 миллиард (шундан банк кредити 4,4 миллиард) сўм бўлган бетон заводини ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 20 та янги иш ўрни яратилди.
Киритилган хорижий инвестиция асосида заводнинг қурилиш ишлари жорий йил март ойида якунланиб, объект май ойида тўлиқ ишга туширилди. Айни пайтда заводда темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, буюртма асосида қурилиш ташкилотларига етказиб берилмоқда.
– Корхонамизда асосан қурилиш соҳаси учун темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, - дейди завод бригадири Сапарбой Ражабов. - Буюртма кўп бўлганлиги сабабли ишни узлуксиз олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Келгусида иш ўрнини янада кенгайтириш режамизда бор. Мақсадимиз харидорлар кўнглидагидек, қурилишга яроқли, сифатли бетон, темир маҳсулотларини ишлаб чиқариш.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА