Жиззах вилоятининг Фориш туманида жойлашган “Basalt Uzbekistan” саноат кластерида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда бир қатор хорижий эксперт ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида пресс- тур ва халқаро конференция ташкил этилди.
Иштирокчилар саноатнинг истиқболли йўналишларидан бири — базальт хом ашёсини қайта ишлаш, ундан юқори технологияли маҳсулотлар тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишди. Базальт — табиат қудратидан яралган, мустаҳкамлик ва чидамлилик рамзига айланган модда. Бугун у нафақат маҳаллий, балки халқаро бозорда ҳам талабгир маҳсулотга айланмоқда.
– Базальт толаси темирдан 4 баробар енгил, 3 баробар мустаҳкам ва 50 фоизга арзон, – дейди “Basalt Uzbekistan” компанияси бош директори Азим Абдусатторов. – Шунингдек, у –250 даража совуқдан +850 даража ҳароратга бардош беради. Бундай маҳсулот қурилиш, автомобилсозлик, нефт-газ ва коммунал хўжаликда стратегик аҳамият касб этади.
“Basalt Uzbekistan” саноат кластери мамлакатимизда оғир саноатни ривожлантириш, мураккаб иқлим ва геологик шароитларда самарали иш юритишга қаратилган давлат сиёсати натижасидир. Ҳозирда кластер таркибида 6 та корхона фаолият юритмоқда. Улар Германия, Франция, Италия ва Чехиядан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. 1700 дан ортиқ иш ўрни яратилган.
Мутахассислар таъкидлашича, сифатли базальт ҳамма тошнинг ҳам таркибида бўлавермайди. Фориш туманидаги Осмонсой кони минг йиллар илгари вулқон отилиши натижасида ҳосил бўлган табиий захира бўлиб, 5 миллион куб метр базальт захирасига эга. Бу 10 асрга етадиган хом ашё манбаидир.
– Айни пайтда йилига 177 минг тонна базальтдан 42 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариляпти, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Одилов. – Улар қаторида композит арматура, геосетка, қувурлар, иссиқлик-изоляция плиталари бор. Маҳсулотлар АҚШ, Англия, Италия, Польша ва бошқа кўплаб мамлакатларга экспорт қилиняпти.
Кластер тижорат директори Темур Мамадаминов фикрича, экспорт муваффақиятига икки омил хизмат қилган: – Биринчиси, Ўзбекистоннинг GSP+ преференциялар дастурига қўшилиши бўлса, иккинчиси – Францияда ўтадиган “Jec World” каби халқаро кўргазмаларда фаол иштирокимиз. Европалик харидорлар маҳсулотимизга ишонади. Дарҳақиқат, улар энг сифатли маҳсулотнигина тан олишади.
Матбуот тури доирасида журналистлар “Ecobasalt group” ва “Geobasalt products” корхоналари, улардаги илғор ускуналар, ишлаб чиқариш жараёни ва “Ўзсаноатқурилишбанк” молиявий кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалар билан ҳам танишишди.
[gallery-25305]
Тадбирда яна банкнинг вилоят миқёсидаги фаолияти, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдаги тажрибаси, 300 миллиард сўмлик кредитлар ҳисобидан яратилажак 15 мингдан зиёд иш ўрни ҳақида ҳам маълумот берилди.
– Базальт маҳсулотларининг афзалликлари етарли, энди энг муҳим масала – уларни тўғри қўллашни ўргатишдир, – дейди Азим Абдусатторов. – Шу мақсадда махсус ўқув маркази ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу нафақат иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ҳам муҳим қадам бўлади.
Кластер 2026 йилда йиллик қуввати 25 минг тонна бўлган базальт матоси ишлаб чиқариш линиясини ишга туширишни режалаштирган. Матонинг 90 фоизи экспортга йўналтирилади ва 400 та янги иш ўрни яратилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА