“Олтин ёруғ” жуда қадимий, фалсафий асар.
Инсон моҳияти ва кўнгли, инсон танаси ва эзгулик йўлида қилинадиган иш-амаллар бу асарнинг фалсафий асосини ташкил қилади.
Асар қадимги туркий қавмларнинг ёзма ёдгорликлари манзараси нақадар кенглигини, туркий халқлар бадиий тафаккури жараёнини белгилашда муҳим манба экани билан ҳам аҳамиятли.
Айни пайтда туркий халқларнинг IX-X асрлардаги ўзига хос тил хусусиятларини, туркий адабий тил тараққиётини “Олтин ёруғ” ўзида тўлиқ мужассам этади.
Туркий халқлар учун муштарак бўлган бу ёзма ёдгорлик туркий тилли халқлар орасида уйғур тилидан сўнг илк бор ўзбек тилига табдил қилинди. Бу машаққатли ишни заҳматкаш олим Насимхон Раҳмон амалга оширди.
“Олтин ёруғ” бир неча асрлар давомида Туронзамин маънавий муҳити барқарорлашувига катта хизмат қилган ноёб асар – ҳужжат.
Достон буддавийлик ғоясига асосланган бўлиб, алоҳида илм сифатида халқнинг шуурий изланишлари, эътиқод бутунлиги орқали пайдо бўлган. Айниқса, туркий тилли халқлар орасида шуҳрат топиб, X-XVIII асрларда ўн мартача кўчирилган ва шарқнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.
Асарнинг асл матни тахминан милодий I асрда санскрит тилида яратилган. Олимлар ўртасида ушбу достоннинг яратилишида туркий қавмлар ҳам иштирок этган деган фикрлар мавжуд.
”Олтин ёруғ” судур (сутралар)дан ташкил топган. Судур санскритча “ҳикматли сўз, қисқа йўлланма” маъносини билдиради.
Асар ёзма адабий манба сифатида қадимги туркий қавмларнинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрнини белгиловчи муҳим омиллардан бири бўлгани билан ҳам қадрлидир.
ЎзА