Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтин ва кумуш медаллар эгасини топди
20:29 / 2021-07-05

Сирдарё вилоятида 2020-2021 ўқув йилида жами 23 минг 638 нафар ўқувчи ўрта умумтаълим мактабини битирди. Шундан 12 минг 227 нафари 9-синф, 11 минг 377 нафар 11-синф битирувчиларидир.

 Сўнгги икки ҳафта мобайнида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги таълим муассасаларининг олтин ва кумуш медалларига сазовор бўлган иқтидорли ўқувчиларига кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.

– Бу йилги битирувчилар орасидан вилоят бўйича муддатидан аввал ОТМга қабул қилинганлар 52 нафарни, 50 фоизли имтиёзга эга битирувчилар 81 нафарни ташкил этмоқда, – дейди вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олимжон Мирбаратов. – Барча таълим муассасаларида “Aбитуриент штаби” ташкил этилган. Битирувчиларни ОТМга тўғри йўналтириш мақсадида сўровномалар ўтказиш йўлга қўйилган бўлиб, унинг натижасига кўра, уларнинг 10 309 нафари олий таълим муассасасида ўқиш учун ҳужжат топшириш истагини билдирган . 205 нафар битирувчи техникумларда, 1412 нафари коллежларда, 183 нафари эса хорижий давлатларда таълим олишга хоҳиши борлигини маълум қилган.

Бундан ташқари, вилоят ҳудудидаги мактаблар микро ҳудуди бўйича 1-синфларга 2021-2022 ўқув йилида 13 923 нафар ўқувчи қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, бу йилги ўқув йилида ўрта мактабларга 7 ёшли ўқувчилар қабул қилиниши бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. 2021-2022 ўқув йилида тажриба синов тариқасида вилоят маркази Гулистон шаҳрида жойлашган мактаблар микро ҳудуди бўйича adm.maktab.uz сайтига маълумотлар жойланмоқда.

Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА