Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида” қарорига мувофиқ, энди республика аҳолисига ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни даволашда тиббий хизматлар халқаро стандартларга мувофиқ вақт меъёрларига қатъий риоя этган ҳолда кўрсатилади.
Бунинг учун ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларга чалинган беморларга “олтин соат" тамойили асосида шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш ташкил қилинади.
Тез тиббий ёрдам хизмати томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар алгоритми ва беморнинг ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатувчи муассасагача бўлган клиник маршрути вақт меъёрлари асосида белгиланади.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ҳамда стационар тиббиёт муассасалари томонидан аҳолини мақсадли тиббий текширувлардан ўтказиш ва беморларнинг клиник маршрутларини ташкил қилишда вақт меъёрлари инобатга олинади.
Аҳоли ўртасида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлар хавф омиллари, уларни бартараф этиш бўйича профилактик тадбирлар ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя қилиш юзасидан қуйидаги тарғибот ишлари тизимли йўлга қўйилади:
а) оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда:
"Ҳозироқ ҳаракатлан - ҳаётни caқлa6 қол!" мавзусида ижтимоий роликлар намойиш қилиш;
инфографика, анимация ва ҳаёти сақлаб қолинган беморлар ҳақидаги қисқа метражли видеороликларни жойлаштириш;
б) бозор ва савдо марказлари яқинида билборд ва баннерлар ўрнатиш;
в) таълим ташкилотлари, йирик корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллаларда:
инфаркт ва инсульт аломатларини аниқлаш бўйича тренинглар ташкил этиш;
маърузалар ва семинарлар ўтказиш;
"Angels Initiative" халқаро ташаббус ташкилотининг "FAST Heroes" дастури асосида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида ўқувчилар учун машғулотлар ташкил этилиб, уларга инсультнинг дастлабки белгилари ва тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш заруриятини етказиш;
оилавий шифокорлар ва ҳамширалар иштирокида оммавий чиқишлар ташкил қилиш;
г) "Дақиқалар ҳаётни ҳал қилади" мавзусида ҳудудларда тематик ҳафталиклар ташкил этиш;
д) ёшлар ва талабалар ўртасида "Инфарктга қизил карточка" ташаббусини йўлга қўйиш;
ж) ҳар йили 29 сентябрь – Бутунжаҳон юрак куни ҳамда 29 октябрь – Бутунжаҳон инсультга қарши курашиш куни муносабати билан қон босими, қанд ва холестерин миқдорини ўлчаш, инфаркт ва инсультда тез ёрдам кўрсатиш бўйича аҳолининг саводхонлигини оширишга қаратилган оммавий тадбирлар ўтказиш йўлга қўйилади.
ЎзА