“Олтин куз-2019“ иштирокчилари Бахмалда
Жиззах вилоятида бошланган “Олтин куз 2019“ агротуризм фестивали иштирокчилари Бахмал туманининг бу борадаги имкониятлари билан яқиндан танишдилар.
Жиззах вилоятида бошланган “Олтин куз 2019“ агротуризм фестивали иштирокчилари Бахмал туманининг бу борадаги имкониятлари билан яқиндан танишдилар.
Фермер яратган 10 гектар интенсив боғдаги олмаларни завқ билан терган иштирокчилар ҳудуднинг ўзига хос қўшиқ ва рақсларини томоша қилиб, таомларидан тановул қилишди.
Фестиваль доирасида туманда учта мобиль боғча очилганидан эса аҳоли жуда қувонди.
– Туманимизда давлат тасарруфидаги ўн иккита мактабгача таълим муассасаси мавжуд. 3-6 ёшли фарзандларимизни янада тўлиқроқ қамраб олиш учун эса давлат хусусий шериклиги асосида яқинда яна 12 ана шундай маскан қурилди. Бир фоизли имтиёзли кредит асосида фаолият бошлаган ушбу боғчалар 100-150 ўринга мўлжалланган. Чекка, тоғли ҳудудларда яшаётган болажонларни ҳам мактабга сифатли тайёрлаш учун мобиль боғчалар барпо этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бугундан "Бахмал", "Сангзор" ва "Ғаллакор" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида шу турдаги боғчалар аҳолига хизмат қила бошлади. Бахмалда боғча ёшидаги фарзандларимиз ўн икки минг нафарга етди. Мобил боғчаларни ишга тушиши билан биз кечик ёшдаги болаларни боғчага бўлган талабини эллик фоизини таъминлашга эришдик, – дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Шаҳноза Неъматуллаева.
Қайд этиш керакки, ҳозирда туманда 69 та уй боғчаси ҳам фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бири 6-30 нафаргача болаларни қабул қилади. Уй боғчаларининг сертификатлари мавжуд, туман СЭСи хулоса берган, уларнинг фаолияти доимий равишда назоратга олинган.
Фестиваль доирасидаги мусиқий чиқишларда боғча тарбияланувчилари ижро этган ҳудудга хос миллий руҳдаги шўх-шодон куй-қўшиқлар барчага бирдек кўтаринкилик бахш этди.
“Олтин куз-2019“ доирасидаги навбатдаги тадбир кўпкари мусобақаси ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.