Шу кунларда Тошкент вилоятининг пахта далаларида етиштирилган ҳосилни ўз вақтида териб олиш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Теримга жалб этилган фуқароларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва кўчма тиббий кўрикни ташкил қилиш, савдо, маданият ва маиший хизматлар кўрсатиш бўйича жойларда зарур шароитлар яратилган.
Хусусан, жорий йил Ўрта Чирчиқ туманида 115 та фермер хўжаликлари томонидан 4 минг 200 гектар майдонда 18 минг 500 тонна пахта хомашёси етиштириш кўзда тутилган. Ҳозирда ҳудуд фермерлари “оқ олтин”дан улкан хирмон яратиш иштиёқда меҳнат қилмоқда.

Мазкур жараёнлар билан танишиш мақсадида туман ҳокимлиги ва Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Дастлабки манзил ҳудуддаги “Истиқлол” фермер хўжалиги даласи бўлди. Бу ерда терим машиналари томонидан ҳосил йиғилмоқда.
– Жорий йил 47 гектар майдонда Хитойнинг ҳосилдор чигит навини экдик. Натижаларимиз яхши бўляпти. Ҳосилни терим машиналари орқали тез фурсатда йиғилиб, хирмонга етказилмоқда. Бир кунда 15-30 тонна пахта терилади. Битта терим машинаси 150-200 нафар теримчининг ишини бажаради, – дейди “Истиқлол” фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Ҳасанов.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, туманда жами 46 та терим отряди ташкил этилган бўлиб, 17 та юқори унумли терим машинаси ва 5 минг 500 нафардан зиёд теримчилар отрядларга бириктирилган. Мавсумда алоҳида ўрнак кўрсатганлар рағбатлантирилмоқда. Жойлардаги ҳар бир хўжаликда теримчилар учун етарли шароит бор ва уларга пуллари ўз вақтида бериляпти. Ҳар куни тушликда дала шийпонида иссиқ овқат, чой, нон ташкил этилган.
Пресс-тур давомида журналистлар фермерлар, теримчилар билан суҳбатлашди. Айни пайтда терим мавсуми қизғин давом этмоқда. Бунинг учун жойларда зарур хавфсизлик чоралари кўрилиб, пахта йиғим-терим мавсумини беталафот ва самарали ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Бундан ташқари, Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси меҳнат инспекцияси томонидан доимий равишда пахта далаларида мониторинг олиб борилади.

Асосий мақсад – ишчиларга муносиб меҳнат шароити яратилган, меҳнат шартномаси тузилгани кўздан кечирилади. Мажбурий ва болалар меҳнати билан боғлиқ ҳолатларга йўл қўймаслик чоралари кўрилади. Бунинг учун жойларда теримчилар ва ишчилар ўртасида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5jsJn96D2MY" title="Oltin kabi tovlangan oppoq dalalar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев (сурат, видео), ЎзА.