Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтин изловчилар фаолияти такомиллаштирилади
18:27 / 2021-08-13

Мамлакатимизда олтин изловчилар фаолияти бўйича ҳозирги кунгача 56 та (21 та жисмоний, 35 та юридик шахс) тадбиркорлик субъекти фаолият юритади. Улар томондан 191 участка (Навоийда 142 та, Самарқандда 50 та) аукцион орқали ютиб олинган.

Фаолият билан шуғулланиш даврида қўлга киритилган соф олтин НГМК қабул кассаларига топширилган ва уларга қабул кассалари томонидан 30 миллиард сўмдан зиёд пул маблағлари тўлаб берилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Қайд этилишича, олтин изловчилар фаолиятини ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ер қаъри участкаларида амалга ошириш мумкин. 2019 йилда онлайн-аукцион орқали Самарқанд ва Навоий вилоятларидаги жами 191 та ер қаъри участкаси тадбиркорлар томонидан ютиб олинган ва ҳозир ўз фаолият кўрсатмоқда.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

[gallery-3396]

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қарор лойиҳалари ишлаб чиқилган. Қарор лойиҳаларига талабгорлар участкаларни бирламчи ўрганиши учун аукционни ўтказиш муддатини ҳозирги 4 кундан 15 кунга узайтириш, аукционга қўйиладиган ер қаъри участкаси майдонининг ҳозирги 1 гектар чекловини 5 гектаргача ошириш, олтин изловчилар томонидан сочма олтинга истиқболли участкаларда хавфсиз чуқурликкача фаолиятни амалга ошириш, участкаларни аукционга чиқаришда тезкорликни таъминлаш учун уларнинг рўйхатини тасдиқлаш каби вазифаларни Вазирлар Маҳкамасидан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига юклаш таклифи ва бошқа бир қанча қулайликлар киритилган.

Шу билан бирга, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича “E-AUKSION” электрон савдо майдончасида ўтказиладиган савдоларда устав капитали Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган жисмоний шахснинг улуши 70 ва ундан ортиқ фоизга эга бўлган юридик шахслар иштирок этиши тегишли ҳужжатлар билан белгилаб қўйилган. 

Жорий белгиланган тартиблар асосида Навоий вилояти бўйича 71 та, Самарқанд вилоятида 9 та, жами 234,4 гектар ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича “E-AUKSION” электрон савдо майдончаси реализация қилиниши режалаштирилган.

Ҳозирги кунда «E-AUKSION» электрон савдо майдончасига Самарқанд ва Навоий вилоятлари ҳудудидан 14 та (32,7 гектар) ер қаъри участкаси талабгорлар учун таклиф қилинган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА