Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Олтин ҳумо” миллий кинотақдимоти ўтказилди
10:40 / 2023-12-26

Пойтахтимизда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги томонидан Миллий кинематографияни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси каби ташкилотлар билан биргаликда "Олтин ҳумо" миллий кинотақдимоти ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тақдимот тадбирида таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида миллий кино санъатини янада ривожлантиришнинг янги истиқболлари белгилаб берилди. 

Бир неча йиллардан буён ўтказилаётган "Олтин ҳумо" кинотақдимоти миллий кинематография соҳасидаги фаол ижодкорларни рағбатлантириш, энг яхши фильмларни аниқлашда ўзига хос аҳамият касб этмоқда. 

Тантанали тадбирда кўплаб номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди ва тақдирланди. Масалан, ўзбек кинематографиясига қўшган ҳиссаси учун “Олтин ҳумо” махсус мукофоти Ўзбекистон халқ артисти, дубляж санъати устаси Мукамбар Раҳимовага топширилди. "Энг яхши ҳужжатли фильм" номинациясида "Умар Камолиддин Саййид Шамсиддин” ҳужжатли фильми ғолиб бўлди. 

"Энг яхши анимацион фильм" номинациясида Ўзбекистон миллий кинематографияни ривожлантириш марказида режиссёр Одилхўжа Маҳамадов томонидан яратилган “II ренессанс, Амир Темур” мультфильми ғолиб бўлди. “Энг яхши компьютер графикаси” номинациясида “Қуёш таъми” фильмидаги иши учун Виталий Бородкин ғолиб деб топилди. 

“Энг яхши овоз режиссёри” номинациясида ғолиблик Комил Турсунбоев “Доктор Абдуллаев” фильми учун насиб этди. “Энг яхши монтаж иши” номинациясида “Эврилиш” фильмидаги иши учун Хуршид Алихўжаев, ”Энг яхши грим рассом” номинациясида “Ўзбек қизи” бадиий фильмидаги иши учун Галина Иванова, “Энг яхши либос бўйича рассом иши” номинациясида “Абдулла Орипов” фильмидаги иши учун Нигора Пўлатова ғолиб бўлди.

“Энг яхши рассом иши” номинациясида Акмал Саидов “Ўзбек қизи” фильмидаги иши учун, “Энг яхши кино бастакори” номинациясида “Пуанкаре” фильмидаги иши учун Қосим Муинзода, “Энг яхши операторлик иши” номинациясида “Эврилиш” фильмидаги иши учун Рустам Муродов, Жамшид Ғаниев, “Энг яхши сценарий” номинациясида “Якшанба” фильми учун режиссёр Шокир Ҳолиқов, “Энг яхши аёл” номинациясида “Судья” фильмидаги роли учун Шодия Абдуқодирова, “Энг яхши эркак роли” номинациясида “Доктор Абдуллаев” фильмидаги роли учун Рустам Каримов ғолиб деб топилди. 

Шунингдек, “Энг яхши режиссёрлик иши” номинациясида режиссёр Шокир Холиқовнинг “Якшанба” фильми, “Томошабин меҳрини қозонган фильм” номинациясида Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудиясида режиссёр Музаффархон Эркинов томонидан тасвирга олинган “Абдулла Орипов” фильми, “Йилнинг энг яхши фильми” номинациясида "СINEMA OF CENTRAL ASIA" киностудиясида режиссёр Акбар Бектурдиев томонидан ишланган “Ўзбек қизи” фильми ғолиб бўлди. 

Ғолиблар тақдирланди. Бадиий-мусиқий дастур тантанага янада файз бағишлади. 

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири